Кембриж луғати йил сўзини эълон қилди
Interesting
−
13:56 378 2 minutes
Кембриж луғати 2026 йилнинг энг асосий сўзини эълон қилди. Ушбу мақомга “human” (“инсон”) сўзи лойиқ кўрилди. Бу сунъий интеллект ривожланиб бораётган бир пайтда инсоний фазилатларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини акс эттиради. Бу ҳақда луғатнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Луғат муаллифлари ўз танловини сунъий интеллект таъсири билан изоҳлаган. Уларнинг кузатувларига кўра, ушбу сўз “human-written” (инсон томонидан ёзилган), “human-generated” (инсон томонидан ишланган) ва “human-made” (инсон қўли билан қилинган) каби бирикмаларда тобора кўпроқ учрамоқда. Улар матн, тасвир ёки бошқа материал нейротармоқ эмас, балки айнан инсон томонидан яратилганини алоҳида таъкидлаш учун ишлатилади.
“Сунъий интеллект томонидан яратилган контент, айниқса паст сифатли СИ-контентнинг кенг тарқалиши бизни инсоний ёндашувни кўпроқ қадрлашга ва ҳатто унга нисбатан соғинч ҳис қилишга олиб келмадими?” дея савол қўяди Кембриж луғати муаллифлари.
Нашрда, шунингдек, “human” сўзининг оммалашуви нафақат тилдаги табиий ўзгаришларни, балки жамиятнинг сунъий интеллектга бўлган муносабати ўзгараётганини ҳам акс эттириши мумкинлиги айтилади.
Нега айнан ушбу сўз 2026 йил рамзига айланди?
Луғат муаллифларининг фикрича, 2026 йил инсон ва машина ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихида бурилиш йили бўлиши мумкин. Далиллардан бири сифатида улар май ойида эълон қилинган Сан-Диегодаги Калифорния университети тадқиқотини келтиради. Унда сунъий интеллект тизимлари Тьюринг тестидан ўта олишининг эмпирик исботлари илк бор тақдим этилган.
Тажриба давомида иштирокчилар суҳбатдошлари билан 15 дақиқа давомида матнли форматда мулоқот қилган. 73 фоиз ҳолатда GPT-4.5 ни инсон деб ўйлашган.
“Биз сунъий интеллект одамлар томонидан яратилган деб қабул қилиниши мумкин бўлган матнлар, санъат асарлари ва мусиқа яратишга қодир бўлган нуқтага етиб келдик. Айримлар ҳатто СИ онг даражасига етдими, деган саволни ҳам ўртага ташламоқда”, дейилади мақолада.
Кембриж луғатида айтилишича, технологияларнинг ривожланиши инсоният келажаги ҳамда машиналар инсон қобилиятларига тобора яхшироқ тақлид қилаётган дунёда инсоннинг ўрни ҳақида жиддий саволларни юзага чиқармоқда.
“Сунъий интеллект даврида инсон бўлиш нимани англатиши ҳақида ўйлаб кўриш керак эмасми?” деган савол билан якунлаган муаллифлар ўз танловлари изоҳини.
Эслатиб ўтамиз, Кембриж луғати “парасоциал” сўзини 2025 йилнинг сўзи деб эълон қилганди. Бу атама одатда одамларнинг шахсан танимайдиган кишилар билан ҳис қиладиган бир томонлама ҳиссий боғлиқлигини ифодалаш учун қўлланилади.
Live
AllTramp Xitoyga etib bordi
14:12