Келишувларни инвестициялар ва янги иш ўринларига айлантиришимиз керак – Саида Мирзиёева

Local

−

image

АҚШ билан эришилган келишувларни инвестициялар ва янги иш ўринларига айлантириш керак. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Кеча, 19 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иштирокида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг йиғилиши ўтказилган.

Юздан ортиқ компания вакиллари билан биргаликда сармоя киритиш, бизнесни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинган.

“Мазкур Кенгашнинг ташкил этилиши мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик истиқболларига кенг йўл очмоқда. Бу юксак ишонч учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдираман”, дейди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани, Ўзбекистонга қаратаётган эътибори ва ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги учун Марко Рубио, унинг рафиқаси Жанетт хоним ҳамда Сержио Горга ҳам алоҳида миннатдорлик билдирган.

“Энди олдимиздаги асосий вазифа – эришилган ушбу келишувларни аниқ амалий натижаларга, яъни инвестициялар, замонавий корхоналар ва янги иш ўринларига айлантиришдир. АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантиришдан кўзлаган мақсадимиз ҳам шу”, дейди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келганди. Кеча, 19 октябрь куни у “C5+1” форматида вазирлар йиғилишида иштирок этди, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам Рубио билан учрашди. Якунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида турли соҳалар бўйича 12 млрд долларлик 54 та шартномалар пакети имзоланди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends