Қуёш тизимидаги сирли тўққизинчи сайёрага оид янги далил топилди

World

−

image

Тайванлик олимлар эски космик кузатувлар маълумотларини таҳлил қилиб, Қуёш тизимининг тахминий тўққизинчи сайёраси – Planet Nine бўлиши мумкин бўлган объектни аниқлади. Бу ҳақда “The Economic Times” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Тайваннинг Миллий Цинхуа университети (National Tsing Hua University) олими Терри Лонг Фан бошчилигидаги тадқиқотчилар 1983 йилда Infrared Astronomical Satellite ва 2006–2007 йилларда Япониянинг AKARI космик аппарати томонидан олинган маълумотларни ўзаро таққослаган.

Икки кузатув оралиғидаги 23 йиллик фарқ олимларга осмон жисмларининг ҳаракатини аниқлаш имконини берган. Натижада миллионлаб сигналлар орасидан осмон бўйлаб 47,46 бурчак дақиқасига силжиган объект топилган. Унинг ҳаракати ва инфрақизил нурланиши узоқда жойлашган йирик сайёра ҳақидаги тахминларга мос келган.

Тадқиқотчилар дастлаб сайёра бўлиши мумкин бўлган 22 та объектни аниқлаган. Кейинги таҳлиллар натижасида уларнинг сони 13 тага, сўнг эса биттага қисқарган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу объектнинг массаси Ерникидан 7–17 баравар катта бўлиши мумкин.

Мутахассислар бундай узоқликдаги осмон жисмларини оддий оптик телескоплар ёрдамида аниқлаш қийинлигини таъкидламоқда. Қуёшдан 500–700 астрономик бирлик масофада жойлашган объектларга унинг нури жуда заиф етиб боради. Бироқ йирик сайёралар ўз ички иссиқлигини тарқатади ва бу нурланишни инфрақизил қурилмалар орқали аниқлаш мумкин.

Planet Nine сайёрасининг мавжудлиги ҳақидаги тахмин Нептун орбитасидан ташқарида жойлашган айрим музли жисмларнинг ноодатий ҳаракатларига асосланган. Уларнинг орбиталари маълум ҳудудларда тўплангандек кўриниши бу жисмларга катта осмон жисми гравитацион таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкинлигини англатади.

Янги аниқланган объектнинг жойлашуви ҳам ушбу тахминларга мос келади. Агар у ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса ва Planet Nine'нинг сайёра экани тасдиқланса, олимлар Қуёш тизимининг чекка қисмидаги айрим жисмлар нима сабабдан ноодатий орбиталарда ҳаракатланишини тушунтиришга яқинлашиши мумкин.

Тадқиқот натижалари “Publications of the Astronomical Society of Australia” илмий журналида эълон қилинган. Бироқ олимлар ҳозирча топилган объектни янги сайёра деб тасдиқламаган.

Кейинги босқичда тадқиқотчилар Чилидаги 4 метрлик Blanco телескопига ўрнатилган Dark Energy Camera ёрдамида объектни қайта кузатишни режалаштирмоқда. Бу унинг ҳозирги жойлашуви ва ҳаракатини аниқлаш, шунингдек, тахмин қилинган орбитага мос келишини текшириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ немис олимлари Сатурннинг Энцелад йўлдошидаги муз ости океанида айрим микроорганизмлар яшаши мумкинлигини лаборатория тажрибасида кўрсатгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic