Қонунчиликдан “диний экстремизм” атамаси олиб ташланади

Local

image

Ўзбекистон қонунчилигида “диний экстремизм” атамаси “экстремизм” атамаси билан алмаштирилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 август куни Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Қайд этилишича, бугунги кунда экстремизмнинг шакл ва кўринишлари тобора ўзгариб, унинг хавфи нафақат диний, балки бошқа экстремистик ғоя ва ҳаракатлар орқали ҳам намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан экстремизмнинг барча кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.

Қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилмоқда. Хусусан, бундай ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик киритилмоқда, такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келиши қайд этилмоқда.

Шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилиб, экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда. Шунингдек, экстремизмга оид жиноятлар аниқ доирасини белгилаш, экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реэстрини юритиш, хавф-хатарларни мониторинг қилиш ҳамда баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Билдирилишича, қонунчиликдаги “диний экстремизм” атамаси “экстремизм” атамаси билан алмаштирилиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашув таъминланмоқда. Қонун билан экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, интернет тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситаларида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қўшимча механизмлар ҳам жорий этилмоқда. Шу билан бирга, экстремистик ташкилотларни эътироф этиш тартиби ҳамда экстремизмга оид жиноят содир этган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш механизмлари ҳам такомиллаштирилмоқда.

Сенаторларнинг қайд этишича, қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ўртасидаги ҳуқуқий мувозанатни мустаҳкамлаш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш ва мамлакатимизда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокама якуни бўйича сенаторлар қонунни маъқуллаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends