Қишда “свет” ўчмасмиш, “свет” ўчса, қишмасмиш
Review
−
16 October 3128 4 minutes
Ўзбекистоннинг ёзи жазирамали, қиши аёзли ўтади. Шу сабаб мамлакатда электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар сўнгги йилларда мавсум танламай қўйди. Олдинда бўлса навбатдаги қишки иситиш мавсуми яқинлашмоқда.
Ортга қарасак, ўзбекистонликлар бу йил ёзни электр таъминотидаги узилишлар, жазирама иссиқ ва кондиционерлардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар фонида ўтказди. Айрим ҳудудларда электр тармоқларидаги авариялар сабаб аҳоли ва тадбиркорлар соатлаб электр энергиясисиз қолди. Энди эса олдинда бошқа синов – қишки иситиш мавсуми турибди.
Ҳукумат қишга тайёргарлик кўриш, энергетика тизимини барқарорлаштириш ва тарифлар ошишининг аҳолига таъсирини юмшатиш чораларини белгиламоқда. Аммо ажратилаётган маблағлар, янги тарифлар ва ижтимоий ёрдам механизмлари аҳоли учун амалда қандай натижа беради? Шу масалалар юзасидан Ўзбекистонда энергия тарифларини ислоҳ қилиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда иситиш ва иссиқ сув тарифларини ошириш, суюлтирилган газ нархини қайта кўриб чиқиш ҳамда иситиш мавсумида аҳолига бериладиган имтиёз ва компенсациялар масалалари муҳокама қилинди. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳаларига кўра, 2026 йилнинг 1 ноябридан бошлаб марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари тарифларини ўртача 30 фоизга ошириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, маиший баллонларда етказиб бериладиган суюлтирилган газнинг бир килограмми нархини 2 минг сўмдан 5 минг сўмга кўтариш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан берилган саволларга тақдим этилган жавобларда айтилишича, аксарият ҳудудларда иссиқлик таъминоти тарифлари узоқ вақт давомида қайта кўриб чиқилмаган. 2020–2023 йилларда деярли барча ҳудудларда тарифлар ўзгармаган, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида эса аҳоли учун тарифлар охирги марта 2024 йилда тасдиқланган.
Шу билан бирга, тарифлар ошиши шароитида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўзда тутилмоқда. Хусусан, ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш, электр энергияси ва табиий газ учун компенсация олувчилар доирасини кенгайтириш таклиф этилган.
Хўш, энди савол туғилади: таърифлар ошиши ортидан тушган қўшимча маблағлар қаерга кетади? Давлат бюджетигами ёки бошқа бир ташкилотга?
“Мисол учун, ҳисоб-китобларга кўра, иссиқлик таъминотига келадиган ўша қўшимча маблағ иссиқлик тармоқларини модернизация қилишга, уларнинг йўқотишларини камайтириш учун тегишли хизматларни амалга оширишга сарфланади. Биз мана 30 йилгача бўлган даврда когенерация билан иссиқлик таъминотини ишлаб чиқаришини биласиз, бунинг таннархи паст ҳисобланади. Бунинг дастурини қилиб, қайси ҳолатда таннархни пасайтирган ҳолда иссиқлик хизмат кўрсатиш ёки иссиқлик ишлаб чиқаришга эришиш мумкин. Қўшимча маблағлар шу каби дастурларга йўналтирилади, яъни корхонанинг ўзининг харажатларига йўналтирилади”, дейилди.
Аммо, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 июль куни ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергетика тизимидаги муаммолар соҳага кам пул ажратилганида эмас, балки тизимнинг ўзида эканлигини айтганди.
“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!”, деган Президент
Бундан ташқари, табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий истеъмол меъёрини 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатгача ошириш режалаштирилган. Бу эса мазкур ҳудудларда яшовчи аҳоли учун электр энергияси харажатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, анжуманда 2027 йилдан бошлаб муқобил энергия тизимига ўтиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзи бу галги нархлар оширилишигача ҳам 2026 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўртача 9,9 фоизга кўтарилганди. Хўш, шу пайтгача аҳоли томонидан амалга оширилган тўлов таҳлиллари қандай? Шу савол билан мутасаддиларга юзландик.
Мутасаддиларнинг жавобларига кўра, аҳоли тўловларни амалга ошириш жараёнида ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмаган, қарздорлик ҳолатлари ҳам аниқланмаган. Улар коммунал тўловларни ўз вақтида амалга оширган. Натижада, жамоатчиликда масъулиятли фуқаро иммунитети ҳосил бўлган.
Анжуманда бу йил иссиқлик таъминоти қачондан бошлаб ишга туширилиши ва қачон ўчирилиши ҳам айтилди. Қайд этиш жоизки, юқорида келтирилган ўзгаришлар ҳозирча жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳаларида назарда тутилган. Уларнинг якуний шакли ва кучга кириш муддатлари тегишли ҳужжатлар қабул қилиниши билан белгиланади.
Live
All