Қирол Чарльз шаҳзода Гаррига “ўрнини” кўрсатиб қўйди

World

image

Буюк Британия Қироли Чарльз III шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меганнинг мамлакатга қайтганидан кейин ҳам қироллик оиласининг расмий вазифаларни бажармайдиган аъзолари бўлиб қолишини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қирол номидан ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорларига юборилган мактубда Гарри ва Меган 2020 йилда қироллик оиласидаги расмий вазифаларидан воз кечганидан бери қироллик унвонларидан фойдаланмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, эр-хотин амалга оширадиган ҳар қандай хайрия ишлари шахсий мақомда олиб борилиши, уларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ тезкор қарорлар эса тегишли полиция идоралари ваколатида бўлиши айтилган.

Мактуб қироллик хонадонининг энг юқори мартабадаги амалдори – Лорд Чемберлен томонидан ҳукумат ва ҳарбий идораларнинг юқори лавозимли вакилларига, шунингдек, қиролнинг мамлакат бўйлаб шахсий вакиллари бўлган лорд-лейтенантларга юборилган.

“Шубҳа ёки чалкашликларнинг олдини олиш мақсадида қирол ушбу маълумотни етказишни буюрди”, дейилади мактубда.

Нашрга кўра, мактуб Гарри ва Меганнинг мақоми ўзгармаганини тасдиқлайди. Бироқ мактубнинг юборилиши ва оммага эълон қилиниши сарой кузатувчиларида Гарри ва Меган қироллик оиласининг амалдаги аъзолари билан рақобатлашувчи “параллель қироллик саройи”га айланиши мумкин, деган хавотирлар борлигини кўрсатган.

Гарри ва Меганнинг хавфсизлиги масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шаҳзода Гарри давлат томонидан молиялаштириладиган полиция қўриқловини қайта тиклаш учун ҳукумат билан узоқ вақтдан бери курашиб келмоқда. Мазкур қўриқлов эр-хотин 2020 йилда қиролликдаги расмий вазифаларидан воз кечгач, бекор қилинган.

Эр-хотинга тун-у кун полиция қўриқловини қайта тиклаш ёки тикламаслик масаласини RAVEC – Қироллик ва юқори мартабадаги шахслар бўйича ижроия қўмитаси ҳал қилади. Қирол номидан юборилган мактубда хавфсизлик бўйича тезкор қарорлар тегишли полиция идоралари ваколатида экани ҳам қайд этилган.

Маълумот учун, 2020 йилда шаҳзода Гарри расман қироллик оиласи вакили вазифаларини бажаришдан воз кечган. Шундан сўнг Буюк Британия ҳукумати уни давлат ҳимоясидан маҳрум қилган. Гарри бунга қарши чиқиб, оиласи хавфсизлигини ўз ҳисобидан таъминлай олмаслигини айтган ва қироллик оиласи билан бўлган низолар туфайли хавфсизлик хатарлари борлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳзода Гарри турмуш ўртоғи Меган Маркл ва фарзандлари билан Буюк Британияга етиб келгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic