Қибрайдаги даладан 10 млн долларлик “гашиш” топилди (видео)
Crime
−
14:40 1848 2 minutes
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида дарахтлар орасига яширилган 95 килограммга яқин “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари ДХХ билан ҳамкорликда Қибрай туманида тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида дала майдонидаги дарахтлар орасига яширилган 4 та хўжалик қопи аниқланган. Қоплар ичида жами 109 та ўрам бўлиб, улардаги модда Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, салкам 95 килограмм “гашиш” экани тасдиқланган.
Шундан сўнг, мазкур ҳудуд гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун келиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида кузатувга олинган. Орадан 8 кун ўтиб, гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун ҳудудга келган икки нафар фуқаро қўлга олинган.

Тергов ҳаракатлари давомида гиёҳвандлик воситасини ушбу жойга яшириб кетиш ва кейинчалик олиб кетиш ҳақида топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, ушланган.
Маълум қилинишича, мазкур жиноятни ташкил қилган шахс аввал ҳам бензин контрабандаси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун Божхона қўмитаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида жиноий жавобгарликка тортилган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги қиймати, охирги истеъмолчигача етиб борган тақдирда, 10 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин эди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланддан Ўзбекистонга 7,5 кг килограммдан ортиқ наркотик моддаларни олиб кириш ва тарқатишга уриниш аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All