“Қани самолётингиз?!” Centrum Air йўловчилари яна соатлаб аэропортда қолиб кетди (видео)
World
−
12:33 3128 3 minutes
Ижтимоий тармоқларда Centrum Air авиакомпаниясининг Истанбул – Тошкент йўналишидаги C6302 рейси 3 соатдан ортиқ вақтга кечиккани ва бу ҳолат йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Рақобат қўмитаси томонидан Centrum Air компаниясининг Истанбул – Тошкент рейси кечикиши юзасидан ҳолат назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, рейс кечикиши вақтида йўловчиларга зарур ахборот ва тегишли хизматлар кўрсатилгани, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқлари таъминланганлиги бўйича тушган мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, бир йўловчининг фарзанди узоқ вақт давом этувчи операциядан чиққан. Унинг фарзандига ўтириш мумкин бўлмаган. У ётган ҳолатда Тошкентга қайтиши керак бўлган. Бироқ рейснинг учиш вақти 4 маротаба ўзгартирилган.
“Фарзандим бир йиллик навбат кутишлар билан ўта муҳим бўлган узоқ давом этувчи операциядан чиқди. Фарзандимга ҳозир ўтириш мумкин эмас. Лекин парвоз 4 марта кечиктирилди. Аввал самолётимиз 11:00 да учиши керак эди, кейин 11:30 га, 12:00 га, 12:30 га ва охир-оқибат 13:30 гача кечиктирилди. Боламнинг мазаси қочиб, Истанбул аэропортининг ичида у ердан бу ёққа югуриб юрибман. Ҳозир болам ўриндиқда ётибди, чунки унга ўтириш мумкин эмас”, деган йўловчи.
Унинг қўшимча қилишича, аэропорт ходимлари боланинг соғлиғи билан боғлиқ хавотир сабаб уни самолётга чиқаришдан бош тортган.
“Бу болани биз олиб кета олмаймиз, йўлда мазаси қочиб қолса, биз жавоб бера олмаймиз”, деб аэропорт ходимлари уларни рад қилган.
Шу сабаб йўловчи фарзандининг шифокоридан маълумотнома ҳам олиб келган.
“Ернинг тагидан бўлса ҳам шифокорнинг хулосасини олиб келиб бердим. Шифокор ҳам “Мен жавоб бераман, самолётда нимадир бўлса”, деб бўйнига олди. Майли, мен маълумотномасини қилдириб келдим. Лекин сизларчи? Қани самолётларингиз? Парвоз нега қайта-қайта кечиктирилмоқда?” деган йўловчи видеомурожаатида.
Centrum Air авиакомпанияси эса ҳалигача ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирмаган. Бироқ кеча, 17 сентябрь куни авиакомпаниянинг матбуот хизмати кечикишнинг умумий вақти 3 соат 20 дақиқани ташкил этганини маълум қилган.
Рақобат қўмитасига кўра, фуқаролар авиаташув хизматларидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига етарли даражада риоя этилмаслик ҳолатлари юзасидан 1159 ягона ишонч рақамига мурожаат қолдиришлари мумкин.
Билдирилишича, ўрганиш натижаларида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Қўмита томонидан ўз ваколатлари доирасида тегишли таъсир чоралари қўлланилади. Шунингдек, ушбу ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши қайд этилган.
“Маълумот ўрнида: Рақобат қўмитасига бугунги кунгача Centrum Air ва бошқа авиакомпаниялар хизматларидан норозилиги бўйича 270 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, амалдаги қоидаларга парвозларни амалга ошираётган авиакомпания айби билан белгиланган жадвалдан кечиктириб учиши ёки белгиланган манзилга кечиктириб элтиб қўйганлиги учун, йўловчига пуллик компенсация миқдорини белгилаш ва тўлаш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриш юзасидан Транспорт вазирлигига бир нечта кўрсатмалар берилган бўлиб, бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоясини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бу каби ҳолат Centrum Air’да биринчи бор кузатилмаяпти. Жумладан, аввал ҳам ижтимоий тармоқларда Centrum Air авиакомпаниясига нисбатан эътирозли мурожаатлар эълон қилинган. Хусусан, актриса Баҳора Арслонова ушбу компаниядан чипта олиб, манзилига уча олмаганини айтиб чиққан эди.
Бундан ташқари, Centrum Air авиакомпаниясига тегишли самолётда юзага келган техник носозлик туфайли Қозон – Тошкент йўналиши бўйича учиши керак бўлган рейс 27 соатга кечиктирилганди.
Шу билан бирга, Centrum-Air хусусий авиакомпанияси бир ўринга икки чипта сотганлиги ҳам аниқланганди.
Live
All