Италия полицияси ўғирланган санъат асарларини сунъий интеллект ёрдамида топмоқда
World
−
09:36 544 2 minutes
Италияда полиция ўғирланган санъат асарларини аниқлаш учун сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланмоқда. Cwoads деб номланган тизим 2023 йил ноябридан бери 300 дан ортиқ йирик картина ва ҳайкал, шунингдек, 165 мингдан зиёд танга, медаль ҳамда қўлёзмаларни қайтаришга ёрдам берган. Қайтарилган буюмларнинг умумий қиймати 203 миллион евродан ошади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Тизим санъат асарларининг ранг ва шаклларини ўзаро солиштириш орқали улардаги ўхшаш жиҳатларни топади. Картинадаги тасвирларнинг айрим қисмлари ўзгартирилган тақдирда ҳам, сунъий интеллект асл асарни таниб олиши мумкин.
2024 йил октябрь ойида Италиянинг Парма шаҳрида ўтказилган қадимий буюмлар ярмаркасида полиция ходимлари намойиш этилаётган санъат асарларини суратга олиб, тизимга юклаган. Сунъий интеллект қўлида ўрама битик ушлаб турган ёш аёл тасвирланган картинада шубҳали ўхшашликни аниқлаган.

Текширув давомида бу 2004 йилда Сулмона шаҳридаги черковдан ўғирланган XVII асрга оид картина экани маълум бўлган. Унда Римлик авлиё Агнес тасвирланган бўлиб, жиноятчилар асарни таниб бўлмайдиган қилиш учун унинг айрим қисмларини ўзгартирган. Хусусан, авлиёнинг қўлидаги қўзичоқ ўрнига битик чизилган, боши устидаги нурли ҳалқа ва палма новдаси олиб ташланган.
Бироқ сунъий интеллект ўғирланган санъат асарларини мустақил равишда қайтариб бера олмайди. У фақат ўхшашликларни аниқлашга ёрдам беради. Асарларни қонуний эгаларига қайтариш эса терговчиларнинг фаолияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги ҳамкорликка боғлиқ.
Италия 2027 йилгача ўғирланган санъат асарларини аниқлаш бўйича халқаро тизим яратишни режалаштирмоқда.
Live
All01 November
01 November
01 November