Исроилда сайловлардан кейин сиёсий вазият чигаллашди

World

−

image

Исроил Марказий сайлов комиссияси Кнессетга сайловлардаги овозларни ҳисоблашни якунлади. Натижаларга кўра, Бош вазир Биньямин Нетаньяху блоки 53 та, Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки 48 та, араб партиялари эса 19 та мандатни қўлга киритди. Бу ҳақда “Ynet” хабар берди. 

Мандатлар тақсимотига кўра, Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси 27 та ўринга эга бўлди. У билан бир блокка кирган “Оцма Йеҳудит” ва “Яҳадут ҳа-Тора” партиялари 7 тадан, “Диний сионизм” ва “Зеут” партиялари 6 тадан, ШАС эса 6 та мандат олди.

Мухолифат блоки таркибидаги “Яшар!” партияси 21 та мандатни қўлга киритди. Шунингдек, “Беяҳад” 12 та, “Демократлар” 8 та ва “Исраел Бейтену” 7 та ўринга эга бўлди. Араб партиялари орасида “Бирлашган рўйхат” блоки 11 та, РААМ партияси эса 8 та мандат олди.

Сайловларда иштирок этиш даражаси 77,9 фоизни ташкил этди. Овоз берганлар сони 5 млн 716 минг 665 нафар бўлиб, бу сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Исроилда ҳукуматни шакллантириш учун камида 61 та мандатга эга бўлган кўпчилик талаб этилади. Бироқ сайловларда ҳеч қайси сиёсий куч бундай натижага эриша олмади.

BBC’нинг қайд этишича, энди мамлакатда коалиция тузиш жараёни бошланади. Исроил Президенти партиялар етакчилари билан музокара ўтказади ва кўпчилик депутатларнинг қўлловини олиши мумкин бўлган номзодга янги ҳукуматни шакллантиришни топширади.

Коалиция тузиш учун 28 кун вақт берилади. Зарур ҳолларда бу муддат яна 14 кунга узайтирилиши мумкин. Агар номзод белгиланган муддатда ҳукуматни шакллантира олмаса, Президент бу вазифани бошқа номзодга топшириши мумкин. Иккинчи уриниш ҳам натижа бермаган тақдирда, Кнессет депутатлари Президентдан учинчи номзодни кўрсатишни сўраш ҳуқуқига эга.

Агар шундан кейин ҳам келишувга эришилмаса, мамлакатда янги парламент сайловлари тайинланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends