Исроилда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

World

−

image

Исроилда 2023 йил 7 октябрда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати томонидан уюштирилган ҳужумдан кейинги илк парламент сайловларида овоз бериш бошланди. Сайлов участкалари бугун, 27 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 7:00 да очилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди. 

Нашр маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 12 000 дан ортиқ сайлов участкаси очилган. Фуқаролар Кнессетнинг 120 нафар депутатини сайлаши керак. Ҳукуматни шакллантириш учун сиёсий блок камида 61 нафар парламент аъзосининг қўллаб-қувватлашига эришиши зарур.

Сайловолди сўровномаларининг аксарияти амалдаги Бош вазир Биньямин Нетаньяху коалицияси парламентдаги кўпчилик ўринни йўқотиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, мухолифат блогига ҳам мустақил равишда ҳукумат тузиш учун мандатлар етишмаслиги мумкин. Нетаньяхунинг асосий рақиби сифатида марказчи “Яшар” партиясига раҳбарлик қилаётган Исроил Бош штабининг собиқ раҳбари Гади Айзенкот эътироф этилмоқда.

Сайловолди кампанияси 2023 йил октябридаги ҲАМАС ҳужуми оқибатлари, Ғазо секторидаги уруш ва Эрон билан низо манзарасида ўтмоқда. Нетаньяху, шунингдек, коррупция бўйича учта иш юзасидан суд жараёнида иштирок этишни давом эттирмоқда.

Кеча, 26 октябрь куни CNN Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампни парламент сайловларига қадар Эронга қарши янги қўшма ҳарбий операция ўтказишга кўндиришга урингани ҳақида хабар берган. Телеканал манбаларига кўра, Америка етакчиси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашдан бош тортган.

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Трамп сайловлар олдидан Нетаньяхуни очиқчасига қўллаб-қувватлаган. Бунга жавобан Айзенкот келажакдаги бош вазир ҳақидаги қарорни фақат Исроил фуқаролари қабул қилиши кераклигини билдирган.

“Zman Yisrael” портали томонидан 15 октябрь куни эълон қилинган сайловолди сўровномаси маълумотларига кўра, мухолиф партиялар Кнессетда 54 та ўринга, Нетаньяху коалицияси 49 та, араб партиялари эса 13 та мандатга умид қилиши мумкин эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends