Исроил вазири Ғазо ҳақидаги “NAZA” фильми режиссёрларига кескин таҳдид қилди

World

image

Исроил Маданият вазири Мики Зоар Ғазодаги оммавий тинч аҳоли ўлими ҳақидаги исроиллик киноижодкорлар томонидан ишланган “NAZA” ҳужжатли фильми режиссёрлари Ювал Авраҳам ва Рейчел Зорни давлатга хиёнатда айблаб, уларни Исроил фуқаролигидан маҳрум қилишга чақирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Нашр ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган “NAZA” фильми Исроил разведка хизматида қўлланадиган қисқартма номи билан аталган бўлиб, у Ғазога берилган ҳаво зарбаси оқибатида қанча тинч аҳоли ҳалок бўлиши кутилгани ҳамда буни қандай амалга оширилгани ҳақида сўзлайди.

Фильмда исроиллик режиссёрлар Исроил армияси ва разведка хизматларида ишлаган 24 нафар маълумот берувчи билан суҳбатлашган. Улар Ғазони бомбардимон қилишда қўлланилган сунъий интеллектга асосланган нишонга олиш тизимлари ва улар оқибатида ўн минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берган.

Фильмдаги суҳбатлардан бирида манба бир нафар ҲАМАС аъзосини ўлдириш учун 500 нафар тинч аҳолининг ўлимига рухсат берилганини даъво қилган. 

80 дақиқалик ҳужжатли фильм жорий ийл 12 сентябрь куни Венеция кинофестивалида махсус ҳакамлар ҳайъати совринига сазовор бўлди. Фильм намойишидан кейин 25 дақиқалик олқишлар янграгани фестиваль рекорди бўлганди.

Нашрнинг қайд этишича, кеча, 13 сентябрь куни Мики Зоар ижтимоий тармоқда режиссёрларни “дунёдаги антисемитлар олқишини олиш учун ўз ватанига зарар етказишга тайёр” бўлганликда айблаган.

“Мен бу жирканч ижодкорларни давлатга хиёнат қилгани учун Исроил фуқаролигидан маҳрум қилишни зудлик билан бошлайман”, деб ёзган Зоар ижтимоий тармоқда.

Шунингдек, Исроилнинг бошқа вазирлари ҳам режиссёрларга қарши чиққан. Ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир уларни «”утун Исроил халқи учун шармандалик ва уят” деб атаган ҳамда ҲАМАС уларни “очиқ қўллар билан кутиб олишини” айтган.

Маълумот учун, фильм режиссёрлари Авраҳам ва Зор 2025 йилда Ғарбий соҳилдаги Исроил кўчириб келтирувчилари зўравонлиги ҳақидаги “No Other Land” фильми учун “Оскар” мукофотига сазовор бўлган.

Исроилда фуқароликдан маҳрум қилиш қонуний жиҳатдан мумкин, аммо бу чора камдан-кам қўлланади. 2022 йилда Олий суд давлатга “садоқат”ни намоён қилмаган, масалан, жосуслик ёки давлатга хиёнат қилган шахсни фуқароликдан маҳрум қилиши мумкинлигини тасдиқлаган.

2023 йилда қонун терроризмда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан ҳам қўлланадиган қилиб кенгайтирилган. Фуқароликни бекор қилиш учун мамлакат Ички ишлар вазири тегишли сўров киритиши, Адлия вазири уни маъқуллаши ва судьялар қарорни тасдиқлаши керак.

Авраҳам “The Guardian” нашрига берган интервьюсида режиссёрлар “имтиёзлар биз томонда бўлган тизимда” таваккал қилаётганини айтган. Унинг таъкидлашича, фаластинликлар учун эса уларнинг уйига ўнг қанот тарафдорлари эмас, балки АҚШ томонидан молиялаштириладиган булдозерлар ва қуроллар келади.

У, шунингдек, Ғазодаги фаластинлик журналист Исроилнинг юқори лавозимдаги амалдорларига қўнғироқ қилиб, улар қилган ишни амалга оширишга уринганида, эҳтимол ўлдирилиши мумкинлигини айтган.

Маълумот ўрнида, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилган. “Agence France-Presse” агентлигининг Исроилнинг расмий маълумотларига асосланган ҳисоб-китобига кўра, ҳужумда 1221 киши ҳалок бўлган, яна 251 киши Ғазога гаровга олиб кетилган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шундан кейинги 3 йил давомида Исроилнинг ҳудудга берган зарбалари оқибатида 73 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг мутлақ кўпчилиги тинч аҳоли вакилларидир.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends