ИШИДни молиялаштиришда гумонланган ўзбекистонлик АҚШга топширилди
Crime
−
12:07 3137 4 minutes
Ўзбекистон фуқароси ва кейинчалик АҚШ фуқаролигини олган Довуд Ансорий террорчилик ташкилотларига моддий ёрдам кўрсатишда айбланиб, Грузияда қўлга олинди ҳамда АҚШга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Козимжон Ғофуров ва Козим номлари билан ҳам танилган Ансорий жорий йилнинг 23 сентябрь куни Грузиянинг Тбилиси шаҳридаги қамоқдан АҚШга олиб борилган ва энди Бруклиндаги федерал судда суд олди эшитувида иштирок этиши кутилмоқда.
Билдирилишича, унга “Ироқ ва Шом исломий давлати” (ИШИД) ҳамда “Ан-Нусра фронти”га моддий ёрдам кўрсатиш бўйича тил бириктириш ва моддий ёрдам беришга оид икки айблов қўйилган. Мазкур ташкилотлар айбловда кўрсатилган даврда АҚШ томонидан хорижий террорчилик ташкилотлари сифатида белгиланган.
АҚШ Адлия вазирлигининг Миллий хавфсизлик бўйича Бош прокурор ёрдамчиси Жон Айзенберг Ансорий “ўн йил давомида қочиб юрганидан кейин” АҚШга қайтарилганини айтган.
“Айбловда таъкидланганидек, Ансорий пул тўплаган, сафарларни ташкил қилган ва хорижий террорчилик ташкилотлари сафида жанг қилишни истаган шахсларга йўл очиб берган тармоқни бошқарган”, деган у.
Нью-Йорк Шарқий округи АҚШ прокурори Жозеф Носелла Ансорий 10 йилдан ортиқ вақт аввал оғир жиноятлар учун жавобгарликдан қочиш мақсадида АҚШни тарк этганини билдирган.
“Айбловларга кўра, у хорижий жангчиларни жиҳод олиб бориш учун сафарга чиқишини молиялаштиришга қаратилган кенг тармоққа ёрдам берган”, деган Носелла.
Федерал қидирув бюросининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси директори ёрдамчиси Жарод Браун эса Ансорий икки хорижий террорчилик ташкилотига ёрдам бериш учун маблағ тўплаганини билдирган.
“Йиллар ўтиши ва географик масофа ФҚБни тўхтатмайди. Биз хорижий террорчилик ташкилотларига ёрдам берган шахсларни топамиз ва адолат қарор топиши учун ҳамкорларимиз билан ишлаймиз”, деган Браун.
Суд ҳужжатларига кўра, Ансорий асосан Нью-Йоркнинг Бруклин ҳудудида яшаган радикаллашган шахслар гуруҳига раҳбарлик қилган. Улар Сурияга бориб, ИШИД ёки “Ан-Нусра фронти” сафида жанг қилишни режалаштирган ёки бундай шахсларнинг сафарларини молиялаштирган.
Маълум қилинишича, тергов давомида Сурияга хорижий террорчилик ташкилотларига қўшилиб, жанг қилиш учун бормоқчи бўлган шахсларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг тармоқ аниқланган.
Тармоқ иштирокчилари гуруҳни ўзбек тилида чойхона маъносини англатувчи “chayxona” деб атаган. Гуруҳ нафақат жанг қилиш учун Сурияга кетаётган шахсларни, балки улар ортида қолган оилаларни ҳам қўллаб-қувватлаш учун маблағ тўплаган. Шунингдек, жангларда ҳалок бўлган шахсларнинг бева қолган хотинлари ва оилаларига ёрдам кўрсатилган.
Тергов маълумотларига кўра, “чойхона” йиғимлари орқали Ансорий ва бошқалар 2013 йилда камида уч кишининг Сурияга боришини молиялаштирган. Уларнинг учаласи ҳам Сурияда ҳалок бўлган, деб ҳисобланади.
Манбага кўра, Ансорий 2016 йил май ойида АҚШдан Туркияга бир томонлама авиачипта билан жўнаб кетган. У чиптани сафаридан бир кун аввал сотиб олган. Бу унинг шерикларидан бири 2016 йил 11 май куни ҳибсга олинганидан беш кун ўтиб содир бўлган.
Шундан бери Ансорий қидирувда бўлиб келган. Бруклиндаги федерал катта судьялар ҳайъати унга қарши айблов хулосасини 2021 йил ноябрь ойида чиқарган.
Ансорий 2026 йил август ойида Грузияда ҳибсга олинган. АҚШ Адлия вазирлигининг Халқаро ишлар бошқармаси, ФҚБнинг Тбилисидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бўйича атташеси ва Грузия прокуратураси уни ҳибсга олиш ҳамда АҚШга экстрадиция қилиш жараёнида иштирок этган. Терговни ФҚБ Нью-Йорк полиция бошқармаси, Нью-Йорк штати полицияси, АҚШ Божхона ва чегара ҳимояси, Порт маъмурияти полицияси ҳамда АҚШ Маршаллар хизмати кўмагида олиб борган.
Агар Ансорий мазкур иш бўйича айбдор деб топилса, 35 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. АҚШ ҳукумати номидан ишни Нью-Йорк Шарқий округи прокуратурасининг Миллий хавфсизлик ва кибержиноятлар бўлими юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Ички ишлар вазирлиги Марказий криминал полиция департаменти ва Грузия Бош прокуратураси ходимлари АҚШ Федерал қидирув бюроси билан ҳамкорликда халқаро қидирувда бўлган АҚШ ва Ўзбекистон фуқаросини қўлга олгани хабар қилинганди.