Ирландияда эркак болта билан АҚШ ҳарбий самолётини ишдан чиқарди
World
−
08:48 659 2 minutes
Ирландиядаги Shannon аэропортига болта билан кирган эркак АҚШ Миллий гвардиясига тегишли ҳарбий самолётни ишдан чиқарди. У самолёт кабинасидаги асбобларни синдирган, гидравлик қувурларни кесган ва ёнилғи бакларига металл шарчалар солган. Етказилган зарар сабаб қиймати 60 миллион долларлик самолёт энди парвоз қила олмайди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг апрель ойида Ирландиянинг ғарбий қисмидаги Шеннон аэропортида содир бўлган. 48 ёшли Дайти О’Коррейн аэропортнинг хавфсизлик ҳудудига ноқонуний кириб, перронда турган C-130 Hercules ҳарбий самолётининг орқа эшигидаги қулфлаш механизмини бузган ва ичкарига кирган.
.png)
Эркак самолёт ичида экипаж гамаклари ёрдамида деразаларни тўсиб қўйган, сўнг эшикларни камарлар, металл мосламалар ва винтлар билан маҳкамлаган. У эшикларнинг очилиб-ёпилишига тўсқинлик қилиш учун махсус йўлакларга эпокси билан аралаштирилган металл шарчаларни ҳам жойлаштирган.
АҚШ прокуратураси маълумотларига кўра, О’Коррейн ҳужумни бир неча ой давомида режалаштирган. У интернет орқали C-130 самолётининг тузилишини ўрганган, аэропорт ҳудудига яширинча кириш учун зарур координаталарни қидирган. Шунингдек, самолётлар парвозини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи иловага обуна бўлган ва металлни емириш хусусиятига эга галлий моддасига буюртма берган.
О’Коррейн воқеадан сўнг Ирландия полицияси томонидан қўлга олинган. Унга жиноий зарар етказиш ва ноқонуний ҳудудга кириш айбловлари қўйилган. Энди АҚШ прокуратураси унга Америка ҳукумати мулкини йўқ қилиш айбловини ҳам қўймоқда.
Ҳозирда О’Коррейн АҚШ қамоқхонасида эмас. Унга қўйилган айблов бўйича суд мажлиси санаси белгиланмаган. Агар айби исботланса, у 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
АҚШ Федерал тергов бюросининг Нью-Йоркдаги бўлими раҳбари Жеймс Барникл бу ҳодиса шунчаки ўз-ўзидан содир бўлган безорилик эмаслигини таъкидлаган. Манхэттен округи прокурори Жейми Макдоналд эса АҚШ ҳарбий объектларига қилинган ҳужумларга тоқат қилинмаслигини билдирган.
Live
All