Германиялик сиёсатчи Берлиндаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилди
World
−
08:26 1041 2 minutes
Германиянинг Бавария федерал ери иқтисодиёт вазири ва “Эркин сайловчилар” партияси раҳбари Ҳуберт Айвангер Берлиндаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилди. 55 ёшли сиёсатчининг ўлими юзасидан полиция ва прокуратура тергов бошлади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Полиция маълумотига кўра, Айвангер кеча, 4 ноябрь куни Берлиннинг Митте туманидаги меҳмонхонада вафот этган ҳолда топилган. Унинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўлимнинг аниқ сабаби ва ҳолатларини аниқлаш, шунингдек, ҳодисада бошқа шахсларнинг иштироки бор-йўқлигини текширмоқда.
“Bild” нашрининг ёзишича, Айвангер Берлинда ўз партиясининг янги офиси очилиш маросимида қатнашиши керак бўлган. Бироқ ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли тадбирга бормаган. Кейинчалик унинг жасади меҳмонхонадан топилган.
Бавария бош вазири Маркус Зёдер сиёсатчининг ўлимини “мутлақ фожиа” деб атаган.
“Биз ҳаммамиз чуқур қайғудамиз. Ҳозир энг аввало унинг оиласи ва фарзандлари ҳақида ўйлаяпмиз”, деган у.
Айвангер 2006 йилдан буён “Эркин сайловчилар” партиясининг Бавария бўлимига раҳбарлик қилиб келган. Унинг раҳбарлиги даврида партия илк бор 2018 йилда федерал ер ҳукуматига кирган. Партия Баварияда Зёдер бошчилигидаги Христиан-ижтимоий иттифоқи (CSU) билан коалиция тузган. Айвангер эса минтақа иқтисодиёт вазири лавозимини эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кембриж университетининг энг ёш қора танли профессори бўлган британиялик социолог Жейсон Ардей Лондоннинг Баттерси ҳудудидаги уйда ўлик ҳолда топилган эди.