Германия болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекламоқчи
World
−
10:36 315 2 minutes
Германияда болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилишга қаратилган янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳукумат 13 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш ва ўсмирлар учун ҳам муайян чекловларни белгилашни режалаштирмоқда.
Вазирлар маҳкамаси ислоҳотнинг асосий қоидаларини маъқуллаган. Бироқ якуний қонунлар ҳали қабул қилинмаган.
Германия Европа Иттифоқи даражасида ягона қоидалар жорий этилгунига қадар миллий чекловларни ўрнатишни кўзда тутмоқда. Бунда болалар учун махсус ишлаб чиқилган платформалардан фойдаланишга истисно тариқасида рухсат берилиши мумкин.
13 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ҳам босқичма-босқич чекловлар жорий этиш режалаштирилмоқда. Бироқ бу чоралар ҳозирча аниқ белгиланмаган.
Шунингдек, ҳукумат платформаларни ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичиданоқ болалар хавфсизлигини ҳисобга олиш мажбуриятини юкламоқчи. Жумладан, алгоритмлар асосидаги тавсияларни стандарт ҳолатда ўчириб қўйиш ҳамда фойдаланувчиларда қарамликни келтириб чиқариши мумкин бўлган функцияларга қарши курашиш таклиф этилмоқда. Бундай функциялар қаторига лентани чексиз айлантириш ва видеоларнинг автоматик равишда ижро этилиши киради.
Яна бир ташаббус — “KI-Seepferdchen” дастури. У орқали бошланғич синф ўқувчиларига сунъий интеллект иловалари билан танишиш, уларнинг имкониятлари ва хавф-хатарларини англаш ҳамда улардан онгли равишда фойдаланиш ўргатилади.
Чекловлар қачон кучга кириши ҳозирча номаълум. Bitkom сўрови натижаларига кўра, Германия аҳолисининг 79 фоизи болалар учун “KI-Seepferdchen” дастури ғоясини фойдали деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Туркияда 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш тақиқланиши ҳақида хабар берилган эди.
Маржона Маманиёзова
Live
All