Ўлим ва касалликлар хавфи. Ғазода 70 минг чодир сув остида қолди
Review
−
11 November 505 7 minutes
Бир неча кунлик ёмғир минглаб оилаларни бошпанасидан айирган бир пайтда, Ғазо аҳолиси кимдан ёрдам кутмоқда? Халқаро ташкилотлар бунга қандай чоралар кўряпти? Исроил эса бу борада қандай йўл тутмоқда? Энг муҳими, Ғазога юборилаётган инсонпарварлик ёрдамлари чегарадан ўтказилмаяптими? Ёки чегара-текширув ишлари чўзиляптими?
Жорий йил 6 ноябрь оқшомида бошланган ёмғир ҳафта охиригача давом этди. Кучли шамол ва жала Ғазонинг барча беш маъмурий ҳудудига зарар етказди. Дастлабки 12 соат ичида 70 мингта чодир сув остида қолгани ҳақида Ғазо ҳукуматининг матбуот идораси хабар берди. 8 ноябрь ҳолатига кўра, гуманитар ташкилотларга 26 мингдан ортиқ оиладан бошпанаси ёки уй-рўзғор буюмлари зарар кўргани ҳақида мурожаат келиб тушган. 6 мингдан ортиқ оилавий бошпана бутунлай вайрон бўлган, яна 17 минг 400 дан ортиғи шикастланган. Тахминан 600 оила эса яна кўчишга мажбур бўлган.
Айрим ҳудудларда сув сатҳи 1,5 метрга етган. Ғазо фуқаро мудофааси хизмати эса 7 ноябрь куни фавқулодда ёрдам бўлимларига 2 минг 166 та мурожаат келиб тушганини билдирган. Қутқарувчилар шулардан атиги 218 тасига бевосита жавоб бера олган. Қолган кўплаб мурожаат қилувчиларга телефон орқали кўрсатма берилган. Демак, айрим оилалар сув ичида қолганида уларни қутқаришга етиб боришнинг ўзи ҳам муаммога айланган.
Ғазода “вақтинчалик” деган тушунчанинг ўзи аллақачон маъносини йўқотган. Бу ерда чодирлар шунчаки ёмғир ва совуқдан пана қилувчи восита эмас, у кимнингдир уйи, ошхонаси, ётоқхонаси, ҳатто болалари улғаяётган ягона масканига айланган.
Бу манзаранинг ибтидоси эса 2023 йил 7 октябрга бориб тақалади. ҲАМАСнинг Исроил жанубига уюштирган ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Икки томон ўртасидаги уруш бутун ҳудуд ҳаётини издан чиқарди. Бомбардимонлар, жанговар ҳаракатлар ва аҳолини эвакуация қилиш ҳақидаги буйруқлар натижасида юз минглаб оилалар уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Маълумотларга кўра, уруш давомида Ғазодаги камида 1,9 миллион киши – аҳолининг қарийб 90 фоизи ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Айни пайтда эса инсонлар учинчи, ҳатто тўртинчи қиш мавсумини ҳам шу чодирларда қарши олишга мажбур бўлмоқда.
Бу ёмғир фақат кийим-кечак ва озиқ-овқатни яроқсиз ҳолга келтирмади, балки инсонларнинг ҳаётига ҳам зомин бўлди. БМТнинг OCHA бошқармаси 8 ноябрь ҳолатига кўра тайёрлаган ҳисоботида ёмғир оқибатида бир чақалоқ чўкиб ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, Дейр ал-Балаҳ ғарбидаги Ал-Берка ҳудудида қум тепалиги чодирлар устига қулаб тушган. Маълумотларга кўра, бу ҳодисада беш киши – уч бола ва икки аёл ҳалок бўлган. 9 ноябрь куни “Reuters” яна бир қумли қияликнинг чодирлар устига қулаш оқибатида бир аёл ва унинг уч фарзанди – 8, 6 ва 4 ёшли болалар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Яна олти киши жароҳатланган.
Бу ҳодисалар ёмғир пайтида Ғазодаги кўчирилган оилалар нафақат сув тошқини, балки қум кўчиши ва аввалдан шикастланган биноларнинг қулаш хавфи остида ҳам яшаётганини кўрсатади. OCHA маълумотига кўра, Ғазода ҳамкор ташкилотлар камида 4 мингта юқори хавфли бино мавжудлигини аниқлаган. Яъни айримлар чодирда сув билан курашаётган бир пайтда, бошқалар бошпана излаб кирган биноси қулаб тушишидан хавотирда.
“Мен ўн нафар фарзанднинг онасиман. Беш ой олдин чодирим бутунлай ёниб кетди. Яхшиямки инсонлар менга чодир беришди, лекин биз бу чодирни йиртиб қўйдик. Болаларим кечқурун бошқа қўшни чодирда тунашди. Тунаш олдидан қўшним менга бу йиртиқ брезентни берди. Биз уни тортиб боғлаб, бошпана қилдик. Худо бизнинг ҳолимизни, аҳволимизни ва шароитимизни билади. Ҳар куни чаёнлар, ҳар куни кемирувчилар, сичқонлар… Тўғрисини айтсам, вазият жуда ёмон. Ҳар сафар ёмғир ёғса, юрагим қўрқувга тушади. Мана, биз учун учинчи қиш. Ўтган қишда биз сувга ғарқ бўлдик”, дея кўзида ёш билан гапини якунлади аёллардан бири.
Бу фожиада ҳатто эркаклар ҳам қўлларидан ҳеч нарса келмаётганидан, фарзандлари ва оиласини қутқара олмаётганидан ўзларини айбламоқда.
“Бизга раҳм қилинг, эй одамлар! Биз ҳозир Мина лагерида яшаяпмиз. Бу лагер кўплаб чодирлардан иборат. Бу ерда тахминан 1 700 та оила яшайди. Аҳволимизни кўринг. Келинг, марҳамат, болаларимиз қандай аҳволда эканини кўринг. Кўрпачаларимиз қандайлигини кўринг”, дейди у.
Ёмғирнинг оқибатлари фақат бошпаналар билан чекланмайди. Ғазода канализация ва дренаж тизимлари уруш даврида жиддий зарар кўрган. Шу сабабли айрим ҳудудларда ёмғир суви оқова сув билан аралашган. Бундай шароитда ҳўл жойда яшаш, ифлос сувдан фойдаланиш ва совуқда қолиш инсонларни турли касалликларга дучор қилиши, жумладан, нафас йўллари инфекциялари, тери касалликлари ва ич кетиши билан боғлиқ хавфларни кучайтириши мумкин.
Ёмғир тиббиёт муассасаларига ҳам зарар етказган. Айрим клиникаларни сув босган, тиббий пунктларнинг чодирлари ва том ёпмалари шикастланган. “Médecins du Monde” ташкилоти маълумотига кўра, сув босган йўллар ва ҳаракатланишдаги қийинчиликлар сабаб тиббий маслаҳатлар сони 54 фоизга камайган.
Демак, касал бўлган инсон шифокорга бориши керак, аммо йўл сув остида. Шифокор ёрдам бериши керак, аммо тиббиёт пункти ҳам зарар кўрган. Ғазода ёмғир билан бирга тиббий ёрдамга етиб бориш муаммоси ҳам янада кескинлашган.
Хўш, бундай вазиятда халқаро ташкилотлар нима қилмоқда?
БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси – OCHA ёмғир бошланишидан аввал ҳам Ғазода юз минглаб одамлар эскирган чодирлар ва вақтинчалик бошпаналарда яшаётганини билдирган. Ташкилотнинг 5 ноябрдаги ҳисоботига кўра, қишки мавсум олдидан Ғазога тахминан 121 мингта чодир, 561 мингта брезент, 57 мингта фавқулодда бошпана таъмирлаш тўплами ва 1,7 миллионта матрас зарур бўлган. Аммо Ғазонинг ўзида бор-йўғи 2 минг 800 та чодир захираси қолган эди.
Энг эътиборли жиҳати, OCHA’нинг 9 ноябрдаги ҳисоботида гуманитар ташкилотлар ва донор давлатлар сотиб олган 150 мингдан ортиқ чодир Ғазо ташқарисида, жўнатишга тайёр ҳолатда тургани айтилган. Шундан қарийб 117 минги Мисрнинг Ал-Ариш шаҳрида бўлган.
Яъни, чодирлар сотиб олинган, ёрдам ташкилотлари уларни етказишга тайёр. Аммо уларни Ғазога олиб кириш учун рухсатлар ва логистика масалалари ҳал қилиниши керак.
Сув тошқинидан кейин UNICEF ҳам ёрдам ишларини кучайтирди. Ташкилот маълумотига кўра, камида 10 минг нафар болага қишки кийим ва иссиқ кўрпалар етказилган. Шунингдек, 50 дан ортиқ ҳудудда ёмғир ва оқова сувларини чиқариш, санитария тизимларини тозалаш ишлари олиб борилган. Бироқ бу ёрдамлар ҳамон барча эҳтиёжманд оилаларни қамраб олгани йўқ.
OCHA сувни чиқариш учун мобил насослар, вакуум машиналари, шланглар, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар ва оғир техникалар зарурлигини ҳам билдирган. Халқаро ташкилотлар фикрича, фақат янги чодир тарқатиш етарли эмас. Сувни чиқариш, канализация тизимини тиклаш, шикастланган бошпаналарни таъмирлаш ва одамларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳам зарур.
Исроил қандай ёрдам беряпти?
Бироқ Исроил томони вазиятга оид бошқа маълумотларни келтирмоқда. Исроил армияси ва ҳудудлардаги ҳукумат фаолиятини мувофиқлаштирувчи COGAT ташкилоти 6 ноябрь куни қишки мавсумга тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Уларнинг баёнотига кўра, қишки ёрдам дастури бошланганидан буён Ғазога 91 мингдан ортиқ чодир ва қишки ёрдам воситалари ортилган 8 минг 200 дан ортиқ юк машинаси киритилган. Улар орасида брезент, кўрпа, қишки кийим-кечак ва бошқа зарур буюмлар борлиги айтилган. Шунингдек, санитария ишларига ёрдам бериш учун 12 та оқова сув сўрувчи машинанинг киришига рухсат берилгани билдирилган.
Исроил томони айрим гуманитар юкларнинг киритилиши хавфсизлик нуқтаи назаридан текширилишини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, айрим техник воситалардан икки мақсадда фойдаланиш мумкин, яъни улар ҳарбий мақсадларга ҳам хизмат қилиши эҳтимоли бор.
Бундан ташқари, Исроил расмийлари Ғазони кенг кўламда қайта қуриш ҲАМАС қуролсизланиши ва ҳудуд бошқаруви масаласи ҳал қилиниши билан боғлиқлигини билдирмоқда.
Аммо бу ерда бир муҳим тафовут бор. Бир томонда Исроил 91 мингдан ортиқ чодир ва минглаб юк машиналаридаги ёрдам Ғазога киритилганини айтмоқда. Иккинчи томонда БМТ Ғазонинг ўзида чодир захираси деярли тугаганини, 26 мингдан ортиқ оиладан зарар ҳақида мурожаат келганини ва 150 мингдан ортиқ чодир ташқарида кутиб турганини билдирмоқда. Бироқ бу юкларнинг Ғазога кириши учун Исроил рухсати ва чегара назоратидан ўтиши талаб этилади. Исроил томони бундай текширувларни хавфсизлик билан изоҳлаяпти, БМТ эса рухсатлар ва киришдаги чекловлар зарур ёрдамнинг ўз вақтида етиб келишига тўсқинлик қилаётганини таъкидламоқда.
Натижада чодирлар мавжуд, ёрдам ташкилотлари уларни етказишга тайёр, аммо уларнинг муҳтож оилаларга етиб бориши ҳануз мураккаб жараён бўлиб қолмоқда.
Ғазода уч йилга яқин давом этаётган уруш одамларни уйидан айирди. Энди эса улар бошпана деб билган чодирлар ҳам ёмғирга дош беролмаяпти. Гўё бу ҳудудда инсонлар учун бошларини қўядиган хавфсиз жойнинг ўзи қолмагандек. Уруш тугашини кутаётган минглаб оилалар эса ҳар тонгни яна бир синов билан қарши олишда давом этмоқда.
Батафсил видеони QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.
Live
AllBayden va uning rafiqasi hujumga uchradi
11 November
11 November