Францияда ўқувчилар кетаётган автобус ҳалокатга учради. Қурбонлар бор

World

−

image

Бугун, 6 ноябрь куни эрталаб Франциянинг шарқий қисмида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган шаҳарлараро автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда икки киши ҳалок бўлди, яна 16 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди. 

Айн департаменти префектураси маълумотига кўра, ҳалок бўлганлардан бири вояга етмаган, иккинчиси эса ёш катта шахс бўлган. Жароҳатланганларнинг уч нафари оғир аҳволда.

Франция Транспорт вазири Филипп Табаро ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳодиса Лион шаҳрининг шимоли-шарқида жойлашган Лент коммунаси яқинида содир бўлганини маълум қилган. Вазир воқеа жойига йўл олганини билдирган.

BFM TV телеканалининг хабар беришича, автобус йўловчилари орасида ҳудуддаги ўрта ва юқори синф ўқувчилари ҳам бўлган. Ҳодиса жойидан олинган фотосуратларда автобус йўлдан чиқиб, ариққа тушиб кетгани акс этган.

Франция Таълим вазири Эдуар Геффре ҳам фожиа юзасидан муносабат билдирган. У ўқувчилар бундай бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлиши доимо оғир эканини билдириб, ҳукумат ва таълим ҳамжамияти ҳалок бўлганлар ҳамда жабрланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдиришини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штати Майами шаҳри яқинида кичик вертолёт сувга қулаб тушганди. Ҳодиса оқибатида учувчи ҳалок бўлган, вертолётдаги яна икки киши оғир жароҳатланган эди.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends