Франция Россия дронлари нишонига айланиши мумкин – Макрон
World
−
11:31 1280 2 minutes
Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия Европадаги душманона ҳаракатларини кучайтиргани сабабли вазият тобора кескинлашаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Франция ҳам Россия дронлари нишонига айланиши мумкин. Бу ҳақда у кеча, 24 сентябрь куни TF1 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Макроннинг айтишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Францияга Россия Жанубий Европа давлатларига ҳужум қилиш учун фуқаролик кемаларидан фойдаланиб, улардан дрон учиришни режалаштираётгани ҳақида маълумот бермаган.
“Ҳа, вазият ҳақиқатан ҳам тобора кескинлашмоқда. Бу 2022 йил февралидан бери Россия билан уруш олиб бораётган Украинага ҳам, сўнгги ҳафталарда Россиянинг Европа бўйлаб душманона ҳаракатлари кучайгани туфайли биз, европаликларга ҳам тааллуқли”, деган Макрон.
Журналистлар Франция ҳам Германиянинг Лейпциг шаҳридаги аэропортида Россия томонидан дронлар ёрдамида диверсия тайёрлангани ҳақидаги даъволарга ўхшаш ҳужумга учраши мумкинми, деб сўраган.
“Жавобим – ҳа. Россия Европани Украина учун стратегик таянч ҳудуд сифатида кўради, чунки Европа давлатлари Украинага ёрдам бермоқда. Биз бир неча йилдан бери ахборот ва киберҳужумларга дуч келмоқдамиз. Францияда ҳозирча Лейпцигда содир бўлган каби ҳужумлар кузатилмаган. Аммо таҳдиднинг ривожланишини холис баҳолашимиз ва бунга тайёрланишимиз керак”, деган Франция Президенти.
Макрон, шунингдек, Россиянинг 300 минг кишини сафарбар қилиши эҳтимолини реал сценарий сифатида кўраётганини айтган. Унинг таъкидлашича, Россия бундай қадамга тайёрланаётганини кўрсатувчи “бир нечта белги” мавжуд. Бироқ асосий савол Москва буни расман эълон қиладими ёки йўқми, дея таъкидлаган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Россиянинг Европа ва Францияга қарши гибрид ҳужумлар кампаниясини кучайтираётганини айтиб, бунга жавоб қайтарилишини ваъда қилган эди.
Live
All