Фарғона ва Наманганда оғуфурушлар қўлга олинди

Crime

−

image

Фарғона ва Наманган вилоятларида жами 2,6 кг наркотик модда сақлаган ва сотишга уринган бир нечта шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар ва Божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Фарғона – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автотранспорт воситаси Поп туманидаги “Наманган” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги ушбу автомашина юкхонасига яшириб қўйилган 1 кг “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда VAZ-2103 русумли автотранспорт воситаси шубҳа остига олиниб, тегишли тартибда кўздан кечирилган. Текширув жараёнида Янги Наманган туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахсга тегишли мазкур автомашина салонида 995 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган.

Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1975 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ертўласидан 648 гр “гашиш” моддаси олинган. Шунингдек, у мазкур гиёҳвандлик воситасини Янги Наманган туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ долларига сотиб олганлиги аниқланиб, ушбу шахс ҳам процессуал тартибда ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда барча қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда фуқароларга қора дори тарқатган аёл қўлга олиниб, унинг хонадонидан 1 килограмм 5 грамм гиёҳвандлик моддаси топилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends