Фактлар ҳисобга олинмаяпти”. Санжик” ва адвокатлар тинтувдан норози

Review

Reklama
0:00

Ўнлаб илтимосномаларнинг судьялар ҳайъати томонидан рад этилиши, адвокатлар томонидан судьялар ҳайъатининг иш олиб бориши устидан такрор раддия берилиши, Ўзбекистон судларининг “имижидан” хавотирланаётган Ташанов ва жараёнлардан кўнгли тўлмаётган қамоқдаги тадбиркор. Блогер ва тадбиркор Санжар Каримов иши бўйича навбатдаги суд жараёнлари бўлиб ўтди.

Бу сафар Каримовнинг адвокатлари томонидан судда жамоатчилик вакили сифатида “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти асосчиси ва марказий бошқаруви раиси Абдураҳмон Ташанов ҳам иштирок этиши юзасидан раислик қилувчига илтимоснома киритилди. Аммо, илтимоснома судьялар ҳайъати томонидан рад этилди. Шундан сўнг суд жараёни давом эттирилиб, судланувчининг 6 нафар ҳимоячилари томонидан судга яна 10 дан ортиқ илтимосномалар киритилди. Аммо судьялар томонидан берилган жавоб адвокатларни унчалик қониқтирмади.

“Судлов ҳайъати томонидан доимгидек яна қўшимча равишда киритилган ўндан ортиқ илтимосномаларимизни тўлиқ рад этиш жараёнлари кузатилди. Бундан ташқари, суд жараёнида биз битта асосли илтимоснома киритдик, яъни ҳозирги вақтда суд жараёнида бу нарса ойдинлашдики, ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати давомида бир шахс, яъни Санжар Каримовнинг ўша Мирзо Улуғбек туманидаги 13-хонадонда тинтув ўтказиш вақтида хонадон эгаси деб эътироф этилган Бостихон исмли шахс унинг Akay City’даги турар жойи ва оиласи билан бирга истиқомат қилаётган уйида ҳам бир вақтнинг ўзида иккита жойда Бостихон исмли шахс тинтув-тергов ҳаракатининг қатнашчиси бўлиб ҳисобланяпти. Яъни, Мирзо Улуғбек туманидаги тинтув-тергов ҳаракатида хонадон эгаси сифатида, Akay City’да эса иштирокчи сифатида қайд этиляпти. Мана бу жараёнлар бевосита Мирзо Улуғбек туманидаги тинтув-тергов ҳаракатида кечки соат 01:30 дан 05:00 гача бўлган бўлса, бу вақт оралиғида соат 03:30 ларда Akay City’да ҳам тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилган. 

“Энди, жамоатчиликка мана ўзимиз маълум қиламиз бу нарсани. Бир вақтнинг ўзида иккита жойда битта шахс тинтув-тергов ҳаракати иштирокчиси бўлиши бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 95 прим 1-моддаси талаблари ва “Далиллар мақбуллиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг қарори талабларига кўра, номақбул далил деб топилиши керак. Иккита тинтув протоколи ҳам. Лекин суд томонидан бу тўғрисидаги илтимосномамизни барвақт берилган деб ҳисобланиб, бу рад этилди. Балким, ҳақиқатан ҳам суд келгусида бу нарсаларга тўғри баҳо бера олса, демак, бизлар судга нисбатан ҳеч қанақа эътироз билдира олмаймиз. Лекин агарда суд бу жараёнларни етарли даражада деб топмасдан, баҳо бермасдан, инобатга олмаса, демакки, бизларда фикр шундай бўлиши мумкинки, суд илтимосномаларни инобатга олмаганлиги бу суднинг якуни бўйича нотўғри хулоса беришига сабабчи бўлди деб ҳисоблаб, бу судга нисбатан бизлар юқори инстанция судларига шикоят келтиришимизга асос бўлади”, дея таъкидлади Санжар Каримовнинг адвокатларидан бири. 

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Турсунали Акбаров эса жамоатчиликни ҳар хил ҳаёлларга бормаслик ва масалага холис ёндашишга чақирди.

“Суднинг гўёки холислигига шубҳа билан қаралаётган масалаларга келсак. Хабарингиз бор, адашмасам, 21 августда суд процесси якунланган эди. Тарафлар музокара қилиб бўлган, фақат судланувчининг охирги сўзини айтиши қолган эди. Охирги сўзидан аввал судланувчи судлов ҳайъатига флешка тақдим қилди. Шундан кейин судлов ҳайъати то бу “детал”ни текшириб, ўрганиб, ҳуқуқий баҳо берилмагунча ҳукм чиқаришнинг имконияти йўқ деб ҳисоблади-да, кейин суд терговини қайта тиклади. Мана шу жараённинг ўзи судларга нисбатан эҳтимолий туғилаётган қандайдир шубҳаларни йўққа чиқаради. Демак, кейинги суд жараёнларида, суд тергови тиклангандан кейин мана шу деталлар эшитилди, муҳокама жараёни давом этяпти. Якуни бўйича, албатта, суд ўзининг ҳуқуқий баҳосини беради”, дейди Тошкент шаҳар суди матбуот котиби.

Навбатдаги суд жараёнлари ҳам якунлангач, Санжар Каримов ўз фикрлари билан бўлишди.

“Энди билмадим. Мана, биринчи суд инстанцияси 240 минг долларга тушганимга қарамай, 400 минг сўмлик нарсага келгусида ўтказиш учун айблов қўйиб, менга беш йил муддат бериб юборган. Энди мен шундоқ “аудитория” билан, шунча таниш-билиш орттириб, наҳотки қанақадир миллиграмм нарсани сотишга муҳтож бўлсам. Уни ўтказишда ҳам ўзининг айрим важлари бўлади, Олий суд пленум қарорига асосан. Важлари нимадан иборат бўлади? Биронта бир инсон ҳеч бўлмаганда кўрсатма бериши керак, пул тақдим қилиши керак, кимдирга текинга, ҳадъяга, пулга, эвазига бирор бир нарсага бериши керак. Нимага асосланиб, менга айнан 273-моддани қўйилганлигига ҳар куни эрталаб уйғониб тушунмайман. Биласизми, жуда ҳам оғир бўларкан, агар қилмаган нарсангга айблансанг.

Мен пулимдан ҳам воз кечиб, келгусида ўтказиш деган гумонда қамалиб қолдим. Ахир ЖПКнинг 463-моддасида гумонларга асосланмаган ҳолда, фактларга асосланиб ҳукм чиқарилиши керак. Менга биринчи инстанция ҳукми гумонга асослантириб чиқарди. Тушунаман агар 10 кг, 20 кг модда топилса, “Ҳа, аферист, сен ўзи шунақа иш билан шуғулланаркансан-да”, дейилса. Мен ахир ўша миллиграмм нарсани кимга сотаман, кимга ўтказаман? Мен бутун ҳаётимда тўғри инсон бўлганман. Мана Раҳматуллаеванинг ўзидан ҳам билдингларки, суднинг қарори чиқмасдан туриб, мени уларга уйни қайтариб бериш қарорим бўлгани ҳақида. Ваъдамнинг устида турдим. Ваҳоланки, 240 мингга ҳам тушдим. 240 мингга тушган инсон 400 минг сўмлик нарсага муҳтож бўлмаса керак? 
Суд барча илтимосномаларимизни рад қилиб юборди.

Биласизми, мен тўрт йил фарзанд кутдим. Аллоҳдан тилаб олдим фарзандимни. Мен жуда ҳам хоҳлардимки, фарзандимнинг “ота” деган биринчи сўзларини эшитишни. Ахир, ундан ташқари отам вафот этганига яқинда бир йил бўлади. Суддан илтимос қиламанки, шу отам ўтганининг бир йиллигини оила аъзоларим олдида ош бериб, отамнинг бир йиллигини уйда нишонлашимга, имкон берса”, дейди Санжар Каримов.

Шундай қилиб Санжар Каримов иши бўйича ўтказилаётган суд жараёнларига 25 сентябрга қадар танаффус эълон қилинди.

Умид Сулаймонов


Author

avatar

.

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends