Эркинжон Турдимов Таълим ва илм-фан вазири этиб тайинланди

Local

−

image

Эркинжон Турдимов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тасдиқланди.

Турдимов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланганидан сўнг Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, тегишли фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири лавозими киритилди. Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил қилинди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича фаолиятига ваколати доирасида умумий раҳбарлик қилиши, уларни мувофиқлаштириши белгиланди.

Ушбу йўналишлар ижросини назорат қилиш ва ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юкланди.

Эркинжон Турдимов 2025 йилнинг январида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди, 2025 йилнинг декабрида Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Маълумот учун, Эркинжон Турдимов 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. У 2008 йилда бир муддат Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув xўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими, 2016-2018 йилларда Сурxондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. Эркинжон Турдимов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.


Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends