Энди Нобель мукофоти ғолибларига 1,2 млн доллардан берилади
World
−
21:39 603 1 minute
2026 йилги Нобель мукофотининг ҳар бир категория бўйича бериладиган пул миқдори 12 миллион швед кронасига ($1,2 млн) оширилди. Нобель жамғармаси тегишли қарорни қабул қилди.
Ташкилотнинг аниқлик киритишича, мукофот миқдори ҳар бир номинацияда 1 миллион швед кронасига ($100 минг) ошган. Охирги 15 йил ичида мукофот миқдори бир неча бор ўзгартрилган, жумладан, камайтирилган ҳам эди.
Ушбу қарор Нобель мукофотининг 125 йиллигига бағишланган. Мукофотлар илк бор 1901 йилда топширилган. 2012 йилда жамғарма молияни мустаҳкамлаш дастури доирасида пул тўловини қисқартирган, шундан сўнг уни бир неча бор оширган. 2026 йилги лауреатларнинг номлари 5 октябрдан 12 октябргача бўлган оралиқда эълон қилинади.
Нобель мукофотлари швед ихтирочиси ва тадбиркори Альфред Нобель васиятига кўра таъсис этилган. Улар бешта соҳада: физика, кимё, физиология ёки тиббиёт, адабиёт ва тинчликни мустаҳкамлаш йўналишларида берилади. Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодий фанлар бўйича алоҳида мукофотни эса 1968 йилда Швеция Банки таъсис этган бўлиб, у илк бор 1969 йилда топширилган.
2025 йилда тўлиқ Нобель мукофоти миқдори 11 миллион швед кронасини ($1,17 млн атрофида) ташкил этган. 2026 йилда ушбу мукофотга 287 та номзод – 208 нафар шахс ва 79 та ташкилот илгари сурилган.
Live
All