Энди қамоқхоналарга кондиционер ўрнатилади
World
−
11:15 1220 2 minutes
АҚШнинг Техас штатидаги қамоқхоналарда жазирама иссиқ сабабли юзага келаётган оғир шароитлар ортидан федерал судья барча қамоқхоналарга 2029 йил охиригача кондиционер ўрнатишни буюрди. Бу ҳақда “The Texas Tribune” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ округ судьяси Роберт Питман жорий йилнинг 22 сентябрь куни чиқарган 150 саҳифалик қарорида кондиционерсиз Техас қамоқхоналаридаги шароитлар Конституциянинг саккизинчи тузатишига зид эканини қайд этган. Мазкур тузатиш шафқатсиз ва ғайриоддий жазолардан ҳимоя қилишни назарда тутади.
Судья Техас Жиноят ишлари бўйича департаментига (TDCJ) штатдаги барча қамоқхоналарга кондиционер ўрнатиш бўйича режани зудлик билан ишлаб чиқиш ва амалга оширишни топширган. Ўрнатиш ишлари 2029 йил 31 декабргача якунланиши керак.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига департамент тасарруфидаги 104 та муассасанинг учдан биридан сал кўпроғи тўлиқ кондиционерланган. Қамоқхоналарда мавжуд 53 676 та совутиладиган ўрин сабабли қарийб 90 минг маҳбус кондиционерсиз шароитда қолмоқда.
Судья қарорида Техас қамоқхоналарида ҳаддан ташқари иссиқ оқибатида жароҳатланиш, ўлим ва азоб-уқубатлар ҳар ёзда такрорланаётгани қайд этилган. Питманнинг ёзишича, 2023–2025 йилларда камида 9 нафар маҳбуснинг ҳаддан ташқари иссиқ туфайли вафот этганини кўрсатувчи ишончли далиллар мавжуд. Судья бу рақам кам баҳоланган бўлиши мумкинлигини ҳам билдирган.
Техас Жиноят ишлари бўйича департаменти эса суд қарорига рози эмаслигини ва унга апелляция беришини маълум қилган. Департамент қамоқхоналарда жазирамага қарши чоралар, жумладан, совутиладиган хоналар, сув, совуқ душ, вентиляторлар ва совитувчи сочиқлардан фойдаланилаётганини билдирган.
Шунингдек, департамент жорий йил охиригача совутиладиган ўринлар сонини 60 мингтагача, 2028 йилга келиб эса 90 мингтагача етказишни режалаштирган. Бироқ штатдаги қамоқхоналарга тўлиқ кондиционер ўрнатиш қиймати 1,5 миллиард долларгача етиши мумкин.
Судья департаментдан кондиционер ўрнатиш жараёни бўйича ҳар олти ойда судга ҳисобот тақдим этишни ҳам талаб қилган. Биринчи ҳисобот 2027 йил 22 мартгача топширилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир террорчиликда айбдор деб топилган фаластинликларни осиб ўлдириш учун қурилаётган махсус мажмуа акс этган видеони эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All