Энди фуқаролар ўз мурожаатларини мустақил назорат қила олади (видео)

Local

image

Фуқароларга мурожаатларининг кўриб чиқилиш жараёнини кузатиш ва берилган жавобдан қониқмаган тақдирда уни қайта ижрога юбориш имконини берувчи янги хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси хабар берди.

 

Қайд этилишича, Президент Халқ қабулхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда мурожаатлар бўйича SMS-хабарнома хизматини йўлга қўйган. Эндиликда мурожаатнинг ҳар бир босқичи ҳақида фуқарога pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинети ҳамда SMS орқали маълумот бериб борилади.

SMS-хабарномада мурожаатга оид махсус ҳавола бўлади. Фуқаро ушбу ҳавола орқали ўз шахсий кабинетига кириб, мурожаатининг кўриб чиқилиш жараёнини кузатиши мумкин.

Мурожаат ўрганилиб, унга жавоб берилгач, фуқаронинг pm.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтган телефон рақамига махсус ҳаволага эга SMS юборилади. Фуқаро ҳавола орқали жавоб билан танишиб, унга муносабат билдириши мумкин.

Агар фуқаро жавобдан қониқса ёки муаммоси ҳал этилган бўлса, “Розиман” тугмасини босади. Аксинча, жавобдан норози бўлса ёки масала ижобий ҳал этилмаган деб ҳисобласа, “Эътирозим бор” тугмасини танлайди. Бундай ҳолатда мурожаат қайта ижрога юборилиб, яна кўриб чиқилади.

Янги тартиб мурожаатларни кузатишни 5 босқичга ажратади: фуқаро SMSдаги ҳавола орқали шахсий кабинетига киради, мурожаат ҳолатини кузатади, жавоб тайёрлангач SMS олади, жавоб билан танишади ва якунда унга розилиги ёки эътирозини билдиради.

Бу тизим мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини фуқароларнинг ўзи томонидан назорат қилиш имконини беради.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic