Эбола назоратдан чиқиб кетди: қурбонлар 4 мингга яқинлашди

World

−

image

Конгода Эбола вирусини юқтирганлар сони 8 мингдан ошди. Касаллик оқибатида 3901 киши вафот этди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, эпидемия тарқалишини тўхтатиш эса тиббиёт ходимлари етишмаётгани, хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ва аҳолининг кўчиши сабабли қийинлашмоқда.

Конго Демократик Республикаси ҳукумати жорий йилнинг 15 май куни кам учрайдиган Бундибугио вируси сабаб Эбола эпидемияси бошланганини эълон қилган. Ҳозирча ушбу вирусга қарши маълум даволаш усули ёки вакцина мавжуд эмас.

Конго Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йилнинг 26 сентябридаги маълумотларига кўра, мамлакатнинг 26 провинциясидан 7 тасидаги 63 та ҳудудда Эбола билан касалланишнинг 8067 та ҳолати тасдиқланган. Касаллик оқибатида 3901 киши вафот этган. Шу тариқа, ўлим даражаси 48 фоиздан ошган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) касалликдан вафот этаётганлар улуши юқорилигича қолаётганини қайд этган. Ташкилот, айниқса, беморларнинг тиббий ёрдамга етиб бормасдан туриб вафот этаётгани касалликни ўз вақтида аниқлаш ва беморларга зарур ёрдам кўрсатишда жиддий муаммолар борлигини кўрсатишини билдирган.

Аввалроқ, ЖССТ Конгода эпидемияни жиловлаш учун тиббиёт ходимлари етишмаётганидан огоҳлантирган. Тиббиёт ходимлари маошларининг кечиктирилиши ёки тўланмаётганидан норози бўлиб, бир неча бор иш ташлаган. Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотларига кўра, эпидемия бошланганидан бери 50 нафар тиббиёт ходими вафот этган.

Айрим ҳудудларда вазият бироз яхшиланган. Хусусан, Итури ва Юқори-Уэле провинцияларида сўнгги ҳафталарда янги тасдиқланган ҳолатлар камайган. Бироқ бошқа ҳудудларда Эбола тарқалиши давом этмоқда ва касалликнинг географик қамрови кенгаймоқда.

Africa CDC маълумотларига кўра, ҳозирги эпидемия тарқалиш суръати бўйича 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада юз берган Эбола эпидемиясидан ўзиб кетган. Ўша эпидемиянинг 19-ҳафтасига келиб 3781 та ҳолат қайд этилган бўлса, Конгодаги ҳозирги эпидемиянинг шу даврида 7840 та ҳолат аниқланган.

ЖССТ ҳозирги эпидемия Ғарбий Африкадаги ўша эпидемиядан ҳам ўзиб кетиши мумкинлигини билдирган. 2014–2016 йиллардаги эпидемия оқибатида 11 мингга яқин одам вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан тасдиқланган касалланиш ҳолатлари 7022 тага етгани ҳақида хабар берилган эди.


Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends