Дунёнинг энг стрессли ва энг тинч шаҳарлари маълум бўлди
Interesting
−
12:27 2146 4 minutes
Нью-Йорк, Дублин ва Мехико дунёнинг энг стрессли шаҳарлари деб топилди. Эйндховен, Утрехт ва Канберра эса энг тинч шаҳарлар экани маълум бўлди. Бу ҳақда “Remitly” компанияси хабар берди.

Ушбу инфографика асосига Remitly компанияси маълумотлари киритилган бўлиб, у 2025 йил октябрь ойида тўпланган ахборотлардан фойдаланган ҳолда дунёнинг 170 та шаҳрини таҳлил қилган. Ҳар бир шаҳарга бешта кўрсаткич асосида ўн баллик шкала бўйича баҳо берилган: йўлга сарфланадиган вақт давомийлиги, яшаш қиймати, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, жиноятчилик даражаси ва ҳавонинг ифлосланиши.
Олинган баҳолар аҳолининг ўзи маълум қиладиган субъектив стресс даражасини эмас, балки шаҳар ҳаёти шароитини тавсифлайди.
Дунёнинг энг стрессли ўнта шаҳри
Ҳаёт суръати ниҳоятда тез бўлган мегаполис сифатидаги обрўси ҳисобга олинса, Нью-Йоркнинг биринчи ўринни эгаллаганини кутилмаган ҳолат деб бўлмайди. Бироқ Дублин ундан жуда оз фарқ билан ортда қолиб, Мехико, Манила ва Лондон каби анча йирик шаҳарларни ортда қолдирган.
Дублиннинг юқори ўринни эгаллашига сабаблардан бири йўл тирбандликлари бўлиб, улар туфайли у ердаги сафарлар бундай катталикдаги шаҳар учун номутаносиб равишда кўп вақт олади.
Нью-Йорк 7,56 балл натижа билан рейтингда пешқадамлик қилмоқда ва Дублинни атиги 0,01 баллга ортда қолдирган. Агар Америка мегаполисида яшаш қийматининг юқорилиги алоҳида ажралиб турса, Ирландия пойтахти мураккаб йўл вазияти билан фарқланади.
“Remitly” маълумотларига кўра, Дублинда автомобилда 10 километр масофани босиб ўтиш ўртача 32 дақиқа атрофида вақт олади. Таққослаш учун, ўрганилган барча шаҳарлар бўйича ўртача кўрсаткич 21 дақиқани ташкил этади. Шундай қилиб, бу ердаги сафар ўртача кўрсаткичдан тахминан 50 фоизга узоқроқ давом этади.
Умумий рейтингда ўнинчи ўринни эгаллаган Калкутта ўрганилган барча шаҳарлар орасида энг паст ҳаракатланиш тезлигини кўрсатди. У ерда 10 километр масофага бориш ўртача 34 дақиқа 33 сония вақт олади. Бу энг тезкор шаҳар бўлиб чиққан Сан-Антониога (Техас штати) қараганда уч баравардан кўпроқ вақт демакдир: у ерда бу кўрсаткич атиги 10 дақиқа 13 сонияни ташкил этади.
Европа шаҳарлари ҳам етакчи ўнталикда сезиларли ўрин эгаллаган. Дублин ва Лондондан ташқари, унга Милан, Турин ва Афина ҳам киритилган.
Дунёнинг энг тинч ўнта шаҳри
Рейтингнинг қарама-қарши қисмида Нидерландия алоҳида ажралиб туради. Дастлабки икки ўринни Эйндховен ва Утрехт эгаллаган. Энг тинч шаҳарлар ўнталигига эса Нидерландиянинг бирданига тўртта шаҳри кирган.
Дублин билан тафовут яққол кўзга ташланади: Европанинг нисбатан фаровон икки мамлакати шаҳарлари “Remitly” шаҳар стрессини баҳолаш учун фойдаланган мезонлар бўйича бутунлай бошқача натижаларни намойиш этмоқда.
Эйндховен атиги 2,34 балл тўплаган ҳолда дунёнинг энг тинч шаҳри деб тан олинган. Бунга нисбатан қисқа сафарлар, тиббий хизмат кўрсатиш сифатига берилган юқори баҳолар ва жиноятчиликнинг паст сезиларли даражаси хизмат қилган.
Эйндховенда 10 километр масофани босиб ўтиш 15 дақиқадан бироз камроқ вақт олади. Дублинда эса худди шундай сафар тахминан 32 дақиқа давом этади.
Утрехт иккинчи ўринни эгаллаган, Гронинген ва Роттердам эса мос равишда бешинчи ва ўнинчи поғоналардан жой олган. Нидерландия биринчи ўнталикда бирданига тўртта шаҳар билан тақдим этилган ягона мамлакат бўлган.
Норвегия ва Австралия ҳам яхши натижаларни қайд этган: ҳар бир мамлакат иккитадан шаҳар билан рўйхатга киритилган. Норвегиядан Тронхейм ва Берген, Австралиядан эса Канберра ва Брисбен ушбу рўйхатдан жой олган.
Қайд этилишича, ушбу натижалар шаҳар ҳаёти сифати бўйича янада кенг кўламли тадқиқотлар билан кўп жиҳатдан ҳамоҳанг. Хусусан, 2026 йилда ҳаёт сифати бўйича дунёнинг энг яхши шаҳарларига бағишланган рейтингда биринчи ўринни Канберра, иккинчи ўринни эса Берген эгаллаган. Икки тадқиқотнинг услуби фарқ қилса-да, иккаласи ҳам тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти, қулай экологик вазият ва кундалик ҳаёт қулайлиги муҳимлигини таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Португалия пойтахти Лиссабон 47 та шаҳар ўрганилган глобал рейтингда саёҳат учун дунёнинг энг бахтли манзили деб топилганди.
Live
All