Дунёда иссиқхона газлари концентрацияси яна рекорд даражага етди – БМТ
Interesting
−
31 October 419 2 minutes
2025 йилда атмосферадаги карбонат ангидрид (CO2) ва бошқа асосий иссиқхона газларининг концентрацияси мисли кўрилмаган даражага етди. Бу эса сайёрадаги ҳароратнинг янада узоқ муддатли кўтарилишига олиб келди. Бу ҳақда Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг янги ҳисоботида сўз боради.
Ташкилотнинг Иссиқхона газлари бўйича бюллетенида маълум қилинишича, 2025 йилда CO2 нинг глобал ўртача ер усти концентрацияси миллиондан 426,8 бўлакни (ppm) ёки 1750 йилдаги саноатгача бўлган таянч даражанинг 153 фоизини ташкил этган. Инсон фаолияти билан боғлиқ бўлган иккинчи ва учинчи энг муҳим узоқ яшовчи иссиқхона газлари – метан ва азот оксиди концентрациялари ҳам янги рекорд даражаларга етган.
“Яна бир йил – яна бир янги рекорд. Иссиқхона газлари атмосферада мисли кўрилмаган миқдордаги иссиқликни ушлаб турмоқда, бу эса фавқулодда об-ҳаво ҳодисаларининг кучайишига ҳамда иқтисодиётимиз ва жамиятимиз учун улар билан боғлиқ хавф-хатарларга олиб келмоқда. Охирги 11 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллар бўлди ва бу тенденция сақланиб қолиши эҳтимоли юқори. CO2 жуда узоқ умр кўриш муддатига эга, шу сабабли у глобал иқлимга шунчаки бир неча йил давомида эмас, балки ўн йилликлар ва ҳатто асрлар давомида таъсир кўрсатади”, дейди ташкилот Бош котиби ўринбосари Ко Барретт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тинч океанидаги Эль-Ниньо ҳодисаси кузатилаётган ҳудудда сув ҳарорати кетма-кет 150 кундан бери рекорд даражада юқори бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди. Оқибатда Жанубий Американинг ғарбий қисмида кучли ёғингарчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар кузатилмоқда.
Live
All