Ўзбекистонда дориларни мажбурий қўшиб сотиш бўйича шикоятлар кўпайди

Local

−

image

Ўзбекистонда айрим дори импортчилари талаб юқори бўлган препаратларни сотишда бошқа дориларни ҳам мажбуран харид қилиш шартини қўяётгани ҳақидаги шикоятлар ўрганилмоқда. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга 305 та корхона дори воситаларини импорт қилган. Шундан импортнинг 47,2 фоизи бешта корхона ҳиссасига тўғри келган.

Қайд этилишича, айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибьюторлар талаб юқори бўлган дори воситаларини сотишда харидорларга бошқа буюртма берилмаган препаратларни ҳам бирга сотиб олиш шартини қўяётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда шикоятлар кўпайган. Бундай ҳолатлар кичик тадбиркорларнинг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши ва бозордаги рақобатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қўмита маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатда жами 13 744 та дорихона мавжуд бўлган. 2024 йилда уларнинг сони 5,6 фоизга камайиб, 13 010 тани ташкил этган. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига эса дорихоналар сони 14 598 тага етган.

Ушбу дорихоналарнинг 449 таси улгуржи, 14 149 таси чакана савдо билан шуғулланган. Чакана дорихоналарнинг 7 940 таси асосий дорихона, 6 209 таси эса филиаллардан иборат бўлган.

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 14-модда (Устун музокара кучи) ва 18-моддаларига (Устун мавқени ва устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлаш) кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун музокара кучидан фойдаланиб, ҳамкорларга камситувчи шартлар қўйиши ёки шартнома тузишни бошқа товарларни ҳам харид қилиш шартига боғлаши қонунбузилиш ҳисобланиши мумкин.

Шунингдек, рақобатчилар ишлаб чиқарган товарларни харид қилиш ёки сотишни тақиқлаш ва чеклаш каби ҳаракатлар учун молиявий санкциялар белгиланган. Қонунбузилиш аниқланса, санкция миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган даврда, бироқ сўнгги уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатда товарларни реализация қилишдан олинган тушумнинг 5 фоизини ташкил қилиши мумкин.

Айни пайтда Рақобат қўмитаси дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда. Агар талаб юқори бўлган дориларни харид қилишда бошқа препаратларни ҳам мажбуран сотиб олиш шарти қўйилгани ва бу рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузиши аниқланса, тегишли корхоналарга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда реклама ва ташқи ёзувларни давлат тили талабларига мувофиқлаштириш бўйича ўтказилган мониторингларда 4 496 та камчилик аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends