Деновда поезд Gentra’ни уриб кетди. Қурбонлар бор
Crime
−
18:35 2351 2 minutes
Жорий йилнинг 29 август куни Сурхондарё вилояти Денов туманининг Озод маҳалласидан ўтган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Gentra автомобили транзит поезди билан тўқнашди. Оқибатда автомашина ичидаги икки аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 17:13 ларда Денов тумани Озод маҳалласи ҳудудидан ўтган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Душанбе-Волгоград йўналишидаги транзит поезди ҳаракатланиб келаётган бўлган. Шу вақтда Gentra ҳайдовчиси темир йўл кесишмасидан ўтишга уринган ва поезд автомашинани уриб юборган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, воқеага ҳайдовчининг шошма-шошарлиги сабаб бўлган. Уларнинг айтишича, ҳайдовчи темир йўл кесишмасида бир неча бор тўхтаган, бироқ кейин ҳаракатланиб, поезд йўлига чиқиб кетган.
Тўқнашув оқибатида автомашина ичидаги икки аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Gentra ҳайдовчиси ҳамда 2024 йилда туғилган қизалоқ жароҳатланган. Улар зудлик билан Денов тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.
Марҳумларнинг бири 1979 йилда Шўрчи туманида, иккинчиси эса 1996 йилда Денов туманида туғилган фуқаро бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий аҳоли эса ушбу темир йўл кесишмасига махсус тўсиқ – шлагбаум ўрнатиш зарурлигини айтмоқда.
Аҳолига кўра, автомобиль электр устунига ҳам бориб урилган ва бунинг оқибатида устун бир метрга яқин пастлаган. Улар масъуллардан ушбу устунни аввалги ҳолатига келтиришни, темир йўл кесишмасига шлагбаум ёки навбатчи қўйишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Lacetti катта тезликда Isuzu русумли автобус билан тўқнашиб кетган эди.
Live
All