Денгиздан ҳужум

Review

−

image

 

“Денгизлар ҳукмдори” ўйинга қайтмоқда ёхуд Буюк Британия бошчилигида Европа Россияга қарши бирлашмоқда

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Ослода Британиянинг HMS Prince of Wales авиаташувчи бортида Шимолий Европанинг 10 та давлати Россиянинг денгиздаги мавжудлигига қарши туришни назарда тутувчи шартнома имзолади.

Буюк Британиянинг шонли империалистик тарихи ортида унинг қудратли денгиз флоти туради. Қачонлардир “Денгизлар ҳукмдори” деб аталган қироллик бугун ўша вақтлардан қолган имижини қайта тикламоқчи. Фақат бу гал мақсад дунёнинг ярмини қайта эгаллаб олиш эмас, балки бутун Европа хавфсизлигига дахл солаётган Россияга қарши туришдир.

Россиянинг Шимолий Атлантикадаги ҳарбий фаоллиги Буюк Британияни Шимолий Европа мамлакатлари билан денгиздаги ҳарбий иттифоқни ривожлантиришга ундади. Қироллик ҳарбий-денгиз кучлари томонидан эълон қилинган Шимолий флот ташаббуси (Northern Navies Initiative) Атлантика, Арктика ва Болтиқ минтақасида Москванинг ҳарбий мавжудлигига қарши туришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу билан бирга, ушбу тузилманинг ташкил этилиши ҳали қитъада етакчилик учун кетаётган кураш фонида Буюк Британиянинг ҳануз ўйинда эканлиги ва ҳали ҳам яхшигина тош босишини кўрсатиб қўймоқда.

Танганинг иккинчи томонига назар солсак, бундай ҳарбий коалициянинг юзага келишига Москва ҳам жим қараб турмаслиги аниқ. Гарчи Украинадаги уруш туфайли Россия анчагина оқсаб қолган бўлса-да, ҳануз Европа давлатларига таъсир қилувчи бир нечта ричагларга эга.

Хўш, шимол сувларида кечаётган геосиёсий беллашув атрофида нималар юз бермоқда?

Россияга қарши бирлашув

Британия Шимолий Европада жойлашган 10 та давлатнинг ҳарбий-денгиз кучларини бирлаштириш орқали Россияга қарши минтақавий мудофаа салоҳиятини кучайтиришга киришди. 2026 йил 29 апрель куни Буюк Британия Ҳарбий-денгиз кучлари штаби бошлиғи, биринчи денгиз лорди генерал сэр Гвин Женкинс Лондондаги Royal United Services Institute (RUSI) таҳлил марказида қилган нутқида Northern Navies Initiative, яъни “Шимолий флотлар ташаббуси” режасини эълон қилди. Унинг асосий мақсади Шимолий Европа мамлакатларининг тарқоқ ҳолдаги денгиз ҳарбий имкониятларини ўзаро мувофиқлаштириш, уларни ягона режалар асосида ҳаракат қила оладиган ва зарурат туғилганда жангга дарҳол киришишга тайёр кучга айлантиришдан иборат. Бошқача айтганда, Европанинг манаман деган денгиз кучлари бир муштга жамланмоқда ва бу мушт Россияга йўналган.

Ушбу тузилма 2014 йилда Буюк Британия ташаббуси билан ташкил этилган бошқа бир иттифоқ – Қўшма экспедицион кучлар (JEF) доирасида имзоланаётган бўлиб, Буюк Британия Бош штаби бошлиғи Ричард Найтоннинг таъкидлашича, янги тузилма JEF мамлакатлари “ўзаро англашув меморандумлари, ахборот алмашинуви ва маслаҳатлашувлар”дан амалий ҳаракатларга ўтганини кўрсатади.

“JEF ўзаро англашув меморандумлари, фикр алмашиш ва учрашувлардан ташқари, флотларимиз, ҳаво кучларимиз ва армияларимиз қандай қилиб биргаликда ишлаши борасида чинакам амалий қадамларга ўтади”, деди Найтон.

Ташаббуснинг пайдо бўлишига Россиянинг Шимолий Атлантика ва Европа денгиз ҳудудларидаги ҳарбий фаоллиги, айниқса, сувости операциялари билан боғлиқ хавотирлар туртки бўлган. Москва учун Шимолий флот нафақат мамлакатнинг денгиздаги ҳарбий қудрати, балки ядровий тийиб туриш стратегиясининг ҳам муҳим таянчларидан бири ҳисобланади. Россия сувости кемаларининг фаоллиги, денгиз тубидаги коммуникация ва энергетика инфратузилмаларига нисбатан эҳтимолий таҳдидлар Ғарб давлатларини ўз денгиз хавфсизлигига бошқача қарашга мажбур қилмоқда. Генерал Женкинс ҳам Россия НАТО мамлакатларининг имкониятларини, айниқса, сувости маконидаги заиф нуқталарини синовдан ўтказаётганини таъкидлаган.

“Россияда замонавий сувости кемалари, узоқ масофага мўлжалланган аниқ зарба берувчи қуроллар ҳамда чуқур сув остида ҳаракатланиш учун мўлжалланган махсус тизимлар сақланиб қолмоқда. Россия разведка ўтказмоқда, синовдан ўтказмоқда ва хариталаштирмоқда. У “кулранг ҳудуд”да, айниқса, замонавий жамиятларимиз таянадиган муҳим сувости инфратузилмаси атрофида устунликка эришишга интилмоқда”, дейди у.

Женкинснинг таъкидлашича, янги тузилма “иттифоқчи флотлар оиласи” тамойили асосида шакллантирилади. Бу шуни англатадики, энди иттифоқчиларнинг флотлари ўртасида ягона стандарт йўлга қўйилади. Умумий рақамли ва тактик тармоқ ишга туширилиши ҳамда ягона оператив қўмондонликнинг ташкил этилиши бир нечта давлатларнинг денгиз кучларини янада самарали ҳаракат қилишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, бир мамлакат флотига тегишли кемада бошқа давлат мутахассислари ҳам хизмат қилиши, ҳамкор давлатларнинг техник жиҳозлари, эҳтиёт қисмлари ва ўқ-дориларидан умумий тартибда фойдаланилиши кўзда тутилган. Шунингдек, давлатлар ягона логистика тизимлари ва ҳарбий захиралардан фойдаланиш, биргаликда машқлар ўтказиш ҳамда умумий операция режаларини ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади.

Британия учун бу ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, мамлакатнинг Европа хавфсизлигидаги ҳарбий-сиёсий ролини мустаҳкамлашдир. Лондон Brexitʼдан кейин ҳам Европа мудофаасидаги таъсирини сақлаб қолиш ва ҳатто кучайтиришга интилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Northern Navies Initiative шунчаки денгиз кемаларини бирлаштириш лойиҳаси эмас. У Британиянинг минтақадаги ҳарбий етакчилигини мустаҳкамлаш, Европа давлатларининг мудофаа масъулиятини ошириш ва Россияни Шимолий денгиз чегараларида тийиб туришга қаратилган кенгроқ стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.

Шимолий Атлантикани ҳимоя қилиш

Northern Navies Initiative ташкил этилиши ортида турган сабаблар Россияга қарши туриш ва уни денгиздан бўғиш эканлиги очиқчасига айтилмоқда.

Асосий мақсадлардан бири – Россиянинг Шимолий Атлантикадаги ҳарбий фаоллигини тийиб туришдир. Москва учун бу ҳудуд мамлакатнинг ҳарбий-стратегик манфаатлари ва ядровий тийиб туриш тизими билан бевосита боғлиқ. Россиянинг асосий ҳарбий-денгиз кучларидан бири бўлган Шимолий флот Мурманск вилоятида жойлашган бўлиб, унинг таркибида стратегик ядровий зарба бериш имкониятига эга сувости кемалари ва бошқа турдаги ҳарбий кемалар мавжуд. Уларнинг бир қисми Арктика ва Шимолий Атлантикада фаолият юритади. Шу сабабли бу ҳудуддаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракат нафақат минтақавий хавфсизлик, балки Россия ва НАТО ўртасидаги стратегик кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Британия ҳарбий раҳбариятини, айниқса Россия сувости кемаларининг ҳаракати ва уларнинг денгиз тубидаги инфратузилмаларга нисбатан таҳдидлари ташвишга солмоқда. Чунки бугунги кунда давлатларнинг хавфсизлиги фақат қуруқликдаги чегаралар ёки ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш билан чекланмайди. Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги интернет алоқаси, халқаро маълумотлар узатилиши ва энергетика таъминотининг катта қисми океан тубидан ўтказилган кабеллар ҳамда қувурларга боғлиқ. Уларнинг ишдан чиқиши бутун минтақада интернет, молиявий операциялар ва давлат хизматларининг фаолиятига жиддий зарар етказиши мумкин.

Бу борада Шимолий Атлантикадаги GIUK йўлаги, яъни Гренландия, Исландия ва Буюк Британия ўртасидаги оралиқ алоҳида стратегик аҳамиятга эга. У Россиянинг Шимолий флотидан чиққан сувости кемалари Атлантика океанига йўналиши мумкин бўлган муҳим йўлаклардан бири ҳисобланади. НАТО учун бу ҳудудни кузатиш ва назорат қилиш Европа ҳамда Шимолий Америка ўртасидаги ҳарбий таъминот йўлларини ҳимоя қилишда муҳим. Зеро, эҳтимолий можаро юзага келган тақдирда АҚШдан Европа давлатларига ҳарбий кучлар ва техника етказиб беришда Атлантика денгиз йўллари ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Россия сувости кемаларининг мазкур ҳудуддаги фаоллиги эса Ғарб учун ана шу стратегик йўлларнинг хавфсизлигига оид саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.

2026 йил 8 ноябрь куни Moldova 1 нашри Британия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, авиамаршал Ричард Найтоннинг Financial Times нашрига берган интервьюси асосида бу хавотирлар янада кучайганини ёзди. Найтон Шимолий Европа давлатлари Россия сувости кемаларини кузатиш, денгиздаги савдо йўллари ва муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш учун ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кераклигини таъкидлаган. Унинг фикрича, мамлакатлар энди фақат маълумот алмашиш ва маслаҳатлашув билан чекланмасдан, денгиз, ҳаво ва қуруқликдаги ҳарбий имкониятларини амалий жиҳатдан бирлаштириши лозим. Бу ерда эътиборли жиҳати шундаки, Британия ҳарбий раҳбарияти Россия таҳдидини фақат анъанавий ҳарбий кемалар ва сувости флотлари билан боғлиқ муаммо сифатида эмас, балки диверсия, киберҳужумлар ва муҳим инфратузилмаларга қарши операцияларни ҳам қамраб олувчи кенгроқ хавф сифатида кўрмоқда.

Болтиқдаги кураш

Болтиқ денгизи учун рақобат янги денгиз ҳамкорлигининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши Европа хавфсизлиги архитектурасини ўзгартирган бўлса, Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европадаги ҳарбий-географик вазиятни янада ўзгартирди. Илгари ҳарбий-сиёсий жиҳатдан турли даражада бетарафликни сақлаб келган ушбу икки мамлакатнинг альянсга кириши Болтиқ денгизи атрофидаги кучлар мувозанатига бевосита таъсир кўрсатди. Энди Болтиқ денгизининг деярли барча қирғоқларида НАТО аъзолари жойлашган, Россия эса асосан Санкт-Петербург атрофидаги ҳудудлар ва Калининград вилояти орқали минтақадаги ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолмоқда.

Бироқ буни Болтиқ денгизи Россия учун ёпиқ ҳудудга айланди, деб тушуниш хато бўлади. Москва минтақада муҳим ҳарбий имкониятларга эга ва Калининград вилоятидаги инфратузилма, Болтиқ флоти ҳамда замонавий ракета тизимларига таянади. Аксинча, географик жиҳатдан нисбатан тор ва кўплаб давлатларнинг денгиз йўллари кесишадиган ушбу ҳудудда ҳар қандай ҳарбий кескинлик тезда бутун минтақанинг хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун Болтиқ денгизи бугун фақат савдо ва энергетика йўллари эмас, балки Россия ва НАТО ўртасидаги ҳарбий тийиб туриш сиёсати синовдан ўтаётган маконга ҳам айланган.

Бундан ташқари, Болтиқ денгизидаги рақобатнинг яна бир кўринмас фронти мавжуд. Гап сувости интернет кабеллари, электр энергиясини узатиш тармоқлари ва газ қувурлари ҳақида кетмоқда. Денгиз туби бутун Европанинг иқтисодий ва рақамли ҳаётини таъминлаб турувчи стратегик тармоқлар билан қопланган. Сўнгги йилларда минтақадаги айрим кабеллар ва бошқа денгиз инфратузилмаларига зарар етказилиши билан боғлиқ ҳодисалар эса Европа давлатларининг хавотирини кучайтирган. Бундай воқеаларнинг ҳар бирини Россиянинг ҳаракати сифатида баҳолаш ёки улар ортида Москва турганини олдиндан тасдиқлаш мумкин эмас. Бироқ улар денгиз тубидаги инфратузилмаларни ҳимоя қилиш масаласи ҳарбий режалаштиришнинг ажралмас қисмига айланаётганини кўрсатади. Northern Navies Initiative эса айнан шундай таҳдидларга қарши кузатув, разведка, сувости кемаларини аниқлаш ва тезкор жавоб қайтариш имкониятларини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Арктикада туташган манфаатлар

Арктика учун рақобат ҳам ушбу ташаббуснинг стратегик аҳамиятини оширмоқда. Узоқ йиллар давомида музликлар билан қопланган ва иқтисодий жиҳатдан ўзлаштириш қийин бўлган Арктика бугун йирик давлатларнинг манфаатлари тўқнашадиган ҳудудга айланмоқда. Иқлим ўзгариши натижасида музликларнинг чекиниши Шимолий денгиз йўли каби янги транспорт йўналишларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бу эса Европа ва Осиё ўртасидаги айрим денгиз қатновларини қисқартириш, нефть-газ захиралари ва бошқа табиий ресурсларга кириш имкониятларини ошириши мумкин. Бироқ музликларнинг чекиниши Арктикани хавфсиз ва осон ўзлаштириладиган ҳудудга айлантирмайди. Об-ҳавоси оғир иқлим, мураккаб навигация шароитлари ва ҳарбий инфратузилманинг ўзига хослиги бу минтақадаги рақобатни янада қийинлаштиради.

Россия Арктикада энг катта қирғоқ чизиғига эга давлат сифатида минтақадаги мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Москва учун бу ердаги манфаатлар фақат табиий ресурслар билан чекланмайди. Арктика Шимолий флотнинг асосий ҳаракат ҳудудларидан бири, стратегик ядровий сувости кемалари жойлашган муҳим макон ва мамлакатнинг миллий хавфсизлик тизимидаги таянч нуқталардан ҳисобланади. Россия минтақада ҳарбий базаларни сақлаш ва модернизация қилиш, ҳаво ҳимояси тизимларини жойлаштириш ҳамда музёрар кемалар флотини ривожлантиришга интилиб келмоқда. Шу сабабли Арктикадаги ҳар қандай янги ҳарбий ҳамкорлик Москва томонидан ўз манфаатларига таъсир кўрсатувчи жараён сифатида қабул қилиниши мумкин.

Ғарб давлатлари учун эса Арктика Россиянинг шимолий ҳарбий имкониятларини кузатиш, Шимолий Атлантикага чиқиш йўлларини ҳимоя қилиш ва НАТОнинг шимолий қанотидаги мудофаа салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан муҳим. Бу ерда Гренландия, Исландия, Норвегия ва Британиянинг географик жойлашуви алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, Шимолий Атлантика ва Арктикани бир-биридан ажратиб бўлмайди: ушбу ҳудудлардаги денгиз йўллари, сувости операциялари ва ҳарбий таъминот тизимлари ўзаро боғланган. Демак, Британия бошчилигидаги янги денгиз ҳамкорлиги фақат Болтиқ ёки Шимолий денгиз билан чекланиб қолмасдан, Арктика ва унга туташ сув ҳудудларида ҳам Ғарбнинг имкониятларини кучайтиришга қаратилган.

Европада лидерлик

Ушбу ташаббус Британиянинг Европадаги ҳарбий-сиёсий ролини қайта мустаҳкамлашга бўлган интилишини ҳам акс эттиради. Brexitʼдан кейин Лондон Европа Иттифоқининг сиёсий ва иқтисодий институтларидан ташқарида қолган бўлса-да, қитъанинг хавфсизлик масалаларидаги таъсирини йўқотмади. Аксинча, НАТОдаги етакчи давлатлардан бири, ядровий қуролга эга мамлакат ва йирик ҳарбий-денгиз кучларига эга давлат сифатида Британия ўзининг минтақавий аҳамиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. JEFʼга раҳбарлик қилиши, Норвегия билан Lunna House келишуви ва Northern Navies Initiative орқали флотлар ўртасидаги интеграцияни илгари суриши Лондоннинг ушбу стратегиясидаги муҳим қадамлардир.

Бу жараёнда Британиянинг мақсади фақат бошқа давлатларнинг кемаларини бирлаштириш эмас, балки уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, умумий ҳарбий стандартларни белгилаш ва минтақавий операцияларни бошқаришда марказий ўринни эгаллашдир. 2026 йил 8 ноябрдаги Moldova 1 хабарида Найтон Британия Россия таҳдидига қарши Европа иттифоқчилари билан ишлашда ўз имкониятларини янада кучайтириши кераклигини айтган. Унинг таъкидлашича, Россиянинг эскалацияга тайёрлиги ошган, диверсия, мақсадли қотилликлар ва киберҳужумлар каби ҳаракатлар эса энди оддий “гибрид таҳдид” тушунчаси билан чекланмайдиган даражага етган. Бу баёнот Лондоннинг ўзини фақат Европа хавфсизлигининг иштирокчиси эмас, балки уни шакллантирувчи асосий кучлардан бири сифатида кўришини англатади.

Британиянинг минтақадаги роли билан боғлиқ яна бир эътиборли масала – ядровий тийиб туриш имкониятларидир. Moldova 1 хабарида сентябрь ойида Лондон JEF аъзоларига Британиянинг ядровий ҳимоясини кенгайтириш имкониятини таклиф қилгани қайд этилган. Бунда Британиянинг ядровий сувости кемалари муҳим ўрин тутиши мумкинлиги айтилган. Агар бундай таклиф амалга ошса, у Европа давлатларининг хавфсизлик кафолатларига бўлган қарашларини ўзгартириши мумкин. Чунки бугунги кунда Европа давлатларининг ядровий тийиб туриш тизимида АҚШнинг роли катта. Британиянинг ўз ядровий салоҳиятини яқин иттифоқчилари хавфсизлиги билан боғлашга интилиши эса Европа мудофаасидаги масъулиятни тақсимлаш масаласини янада мураккаблаштиради. Бироқ бу ҳозирча муҳокама қилинаётган сиёсий ташаббус бўлиб, JEF доирасида расман тасдиқланган умумий ядровий кафолат мавжуд дегани эмас.

Шу тариқа, Northern Navies Initiative ортида бир-биридан ажралмас бир нечта стратегик мақсад мужассам: Россиянинг Шимолий Атлантикадаги ҳарбий ҳаракатларини кузатиш ва тийиб туриш, Болтиқ денгизидаги денгиз йўллари ҳамда муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш, Арктикадаги кучлар мувозанатини сақлаш ва Британиянинг Европа хавфсизлигидаги етакчи ролини мустаҳкамлаш. Аммо бу режаларнинг амалий натижаси мамлакатлар ўртасидаги сиёсий келишувлар қанчалик тез ҳарбий имкониятларга айланишига боғлиқ. Зеро, денгиздаги рақобатда фақат кемалар сони ёки баландпарвоз баёнотлар эмас, балки разведка, технология, таъминот, қўмондонлик ва зарурат туғилганда биргаликда ҳаракат қилиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

 


Author

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends