Денгиз остидан 700 йил аввал сувга чўккан шаҳар топилди
World
−
11:17 1931 2 minutes
Буюк Британиянинг Норфолк графлиги соҳиллари яқинида ғаввослар XIV асрда денгиз остида қолган Шипден ўрта аср шаҳарчасига тегишли бўлиши мумкин бўлган 25 та иншоот қолдиғини аниқлади. Бу ҳақда “What’s The Jam” хабар берди.
Қайд этилишича, топилмалар Кромер соҳилларидан бир неча юз метр узоқликдаги денгиз тубидан аниқланган. Улар орасида чақмоқтошдан қурилган иншоотлар, тош конструкцияларнинг қуйи қисмлари ва кесилган тош бўлаклари бор.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, мазкур иншоотлар XIV асрда Шимолий денгиз сувларидан ҳудудни ҳимоя қилиш мақсадида қурилган тўсиқлар таркибига кирган бўлиши мумкин. Яна бир тахминга кўра, улар 1390 йилда қурилишига рухсат берилган пирс билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мутахассислар ҳозирча бу фикрлар фақат тахмин эканини таъкидламоқда.
Шипден бир вақтлар Норфолкнинг шимолий соҳилидаги ривожланган аҳоли пункти бўлган. 1086 йилда тузилган “Domesday Book”да шаҳарчада 117 нафар аҳоли, 3 акр ўтлоқ, 36 та чўчқани боқишга етарли ўрмон, порт ва иккита черков бўлгани қайд этилган.

Кейинчалик денгиз соҳилининг емирилиши оқибатида шаҳар аста-секин сув остида қолган. 1362 йил январь ойидаги кучли бўрон эса соҳилга жиддий зарар етказган.
Топилмалар Шипден билан боғлиқ машҳур афсоналардан бирига ҳам ойдинлик киритиши мумкин. Хусусан, маҳаллий ривоятларда денгиз остидаги “Church Rock” деб аталувчи жойда Авлиё Пётр черковининг минораси сақланиб қолгани, ҳатто бўрон пайтида унинг қўнғироғи овози эшитилиши айтилган.

Бироқ ғаввослар ҳозирча мазкур жойда черковга тегишли эканини аниқ тасдиқлайдиган иншоотни топмаган. Тадқиқотчилар “Church Rock” черков эмас, балки ўрта асрларда денгиздан ҳимояланиш учун қурилган чақмоқтош иншооти бўлиши мумкинлигини билдирган.
Мутахассислар махсус суратга олиш технологиялари ёрдамида топилмаларнинг дастлабки 3D моделларини ҳам яратган. Тадқиқот давомида аниқланган иншоотларнинг айримлари асрлар давомида сув остида бўлишига қарамай, 8–10 қатор тош баландлигида сақланиб қолган.

Тадқиқотчилар ҳозирча аниқ хулосалар эмас, балки мавжуд далиллар асосида турли тахминларни илгари сурмоқда. Улар келаси йили мазкур ҳудудда тадқиқотларни давом эттиришни режалаштирган.
Топилмалар ва уларнинг 3D реконструкциялари Кромер музейида намойиш этилиши ҳамда махсус онлайн платформада эълон қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро археологлар гуруҳи Мексика жунглиларида илгари номаълум бўлган, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, минг йилдан ортиқ вақт давомида яширин бўлиб келган Майя цивилизациясига тегишли шаҳарни топгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All