Бундестаг Германия махсус хизматлари ваколатларини кенгайтиришни маъқуллади
World
−
12:26 223 2 minutes
Германия махсус хизматлари – Федерал разведка хизмати (ФРХ) ва Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (КҲФИ) Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил этилган пайтдан буён маҳрум бўлган кенг қамровли қўшимча ваколатларга эга бўлади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси кеча, 13 ноябрь куни Бундестаг томонидан қабул қилинди.
Қайд этилишича, илгари асосан ахборот тўплаш билан шуғулланган махсус хизматлар эндиликда “тезкор” ваколатларни қўлга киритади. Хусусан, агентларга миллий хавфсизликка таҳдид туғилганда хорижда хакерлик ҳужумларини амалга ошириш ва диверсиялар ўтказишга рухсат берилади. КҲФИ контрразведкасига эса муайян шартлар остида хонадонларга яширинча кириш имконияти берилади.
Бундан ташқари, тезкор ходимларга шифрланган мессенжерларни ўқиш учун гумонланувчиларнинг қурилмаларини масофадан туриб бузиб кириш ва катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилишда сунъий интеллект (СИ) воситаларини қўллашга рухсат этилади. Шунингдек, контрразведка истисно ҳолларда 16–17 ёшли ўсмирларни ахборот берувчи (информатор) сифатида ёллаш ҳуқуқини олган, ташқи разведка эса хорижда олинган маълумотларни узоқроқ муддат сақлаш имкониятига эга бўлади.
“Разведка идоралари тўлақонли махсус хизматларга айланмоқда. Ушбу чоралар бизга мамлакатга ҳам ташқаридан, ҳам ичкаридан таҳдид солаётган демократия душманларига қарши курашиш учун зарур”, дейди илгари ушбу лойиҳани “аср ислоҳоти” деб атаган Германия ИИВ раҳбари Александер Добриндт.
У янги ваколатлар махсус хизматларга хорижий жосуслик, айниқса Россия, Хитой ва Эрон томонидан бўлаётган жосуслик фаоллигининг ортиши сабабли зарур эканини таъкидлаган.
Шу билан бирга, “Сўл партия” депутати Клара Бюнгер кучишлатар тузилмаларнинг янги имкониятлари “янги немис махфий полицияси”ни яратиш билан баробар эканини билдирган. Совуқ уруш тугагунига қадар шунга ўхшаш ваколатлар фақат совет таъсир доирасида бўлган ГДР Давлат хавфсизлиги вазирлигида мавжуд эди. Ислоҳот 1949 йилда Ғарбий Германия ташкил этилаётганда нацистлар гестапоси ва шарқий германиялик “Штази” усулларининг қайта тикланишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган, полиция ва разведка ваколатларини қатъий ажратиб турувчи тамойилни заифлаштирган.
Шунга қарамай, ҳар икки хизматга жисмоний йўқ қилиш, очиқ тинтувлар ўтказиш ва ҳибсга олиш ҳамон тақиқланган (бу фақат полиция ваколатида қолади). Уларнинг хатти-ҳаракатларини эса махсус кенгайтирилган Мустақил назорат кенгаши кузатиб боради.
“Euronews” қайд этишича, ислоҳот, афтидан, худди мудофаа соҳасидаги каби тийиб туриш тамойилини амалга оширишга қаратилган.
Бундестагда қонун қабул қилиниши учун 308 нафар депутат овоз берган, 190 нафари қарши чиққан, яна 71 нафар парламентарий бетараф қолган.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November