Британия қуллар савдоси учун расман узр сўраши мумкин
World
−
31 October 411 2 minutes
Буюк Британия Бош вазири Эндрю Бернэм Лондон мамлакатнинг қуллар савдосидаги роли учун узр сўраши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда унинг “The Guardian” газетаси учун ёзган мақоласида сўз боради.
Қайд этилишича, сиёсатчи эртага, 1 ноябрь куни Антигуада бўлиб ўтадиган Ҳамдўстлик мамлакатлари етакчиларининг саммитида иштирок этади. Шунингдек, жорий йилнинг 27 октябрь куни Буюк Британия Қироли Чарльз III Кариб ҳавзаси давлатларига тўққиз кунлик ташрифини бошлаган. Ушбу ташриф фонида баъзи сиёсатчилар ва жамоат арбоблари уни қиролликнинг қуллик савдосидаги роли учун узр сўрашга чақирган.
Бернэм эса ўз мақоласида Британия трансатлантик қуллар савдосидан жабр кўрганлар билан конструктив мулоқотни таклиф қилаётганини ёзган.
“Ушбу жараённинг муҳим қисми Британия давлати номидан расмий узр сўраш ҳақидаги чақириқларни кўриб чиқиш бўлади ва мен буни истисно этмайман”, дейди Бош вазир.
Британия ҳукумати раҳбари қуллар савдосини шафқатсиз ва ваҳшиёна жиноят деб атаган ҳамда етказилган азоб-уқубатлар учун афсусда эканини билдирган.
Шу билан бирга, Бернэм репарациялар тўланишига қарши чиқиб, ҳозирги британлар бошқа даврда содир этилган тарихий жиноятлар учун жавобгар бўла олиши даргумон эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кариб ҳавзаси ва Африка мамлакатлари Буюк Британиядан қуллик учун товон талаб қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All