Бошпанага муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади
Local
−
28 July 2021 5107 2 minutes
18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Таъкидланишича, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилади.
“Жумладан, 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади. Бунинг учун, 757 нафар болага уй-жой сотиб олишга жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилади. Вилоят ҳокимлари 1 октябрга қадар 757 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминласин”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилади.
“Ота-онасидан ажраган талабаларга пенсия тўлаш муддатини амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирсак, ўйлайманки, бу ҳам адолатдан бўлади. Ушбу талабаларга зарур адабиётлар сотиб олиш учун ҳар йили бир марта 1,2 миллион сўм субсидия берилади”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, бугунги йиғилишда Шавкат Мирзиёев 122 минг нафар “темир дафтар”га кирган оила фарзандлари, шунингдек 370 минг нафар боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилишини маълум қилган.
Бундан ташқари, давлат раҳбари раислигида ўтган йиғилишда васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар ҳам олийгоҳларга киришда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланиши таъкидланган.
Live
AllPutin To'qaev bilan ham telefonlashdi
21 September
Qashqadaryoda 2300 yillik ossuariy topildi
21 September
Szinpin 10 yil deganda birinchi marta AQShga boradi
21 September
Shavkat Mirziyoev Vladimir Putinga maktub yo'lladi
21 September