Болаларни ЎРВИ ва гриппдан қандай ҳимоялаш керак? ССВ тавсия берди

Wellness

image

Куз – мавсумий касалликлар авж оладиган давр. Айниқса, бу фаслда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кўпаяди. Хўш, шамоллаш мавсумига қандай тайёргарлик кўриш, болаларни ЎРВИдан ҳимоялаш ва касалликни енгил ўтказиш учун нималарга эътибор бериш зарур? Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борадаги муҳим тавсияларини эълон қилди.

Қайд этилишича, кузда ҳаво салқинлашади, болалар таътилдан мактабга қайтади, одамлар эса кўпроқ ёпиқ хоналарда вақт ўтказади. Бу вирус ва бошқа инфекцияларнинг юқишини осонлаштиради. Совуқ кунларда эшик ва деразалар ёпилиб, хона ҳавоси кам алмаштирилиши ҳам вируслар тарқалишига қулай шароит яратади.

Совуқ ҳарорат юқори нафас йўлларидаги туғма иммунитет ҳужайралари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши, қуруқ ҳаво эса шиллиқ қаватлар ҳимоя хусусиятларини ўзгартириши мумкин. Камҳаракатлилик ҳам организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини сусайтиради.

Болаларни юқумли хасталиклардан қандай асраш керак?

Юқумли касалликлар, асосан, ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Шу боис болага қўлларни, айниқса, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан кейин совунлаб ювишни ўргатиш, беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш муҳим.

Шунингдек, агар болада бурун оқиши, йўтал, томоқ оғриғи ёки иситма пайдо бўлса, уни мактаб ёки боғчага юбормаслик тавсия этилади. Бу унинг тезроқ соғайиши ва инфекция бошқаларга тарқалмаслигига ёрдам беради. Болани об-ҳавога мос кийинтириш, нам кийимда юрмаслигига ҳам эътибор бериш зарур.

Рационда сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, балиқ ва дуккакли маҳсулотлар етарли бўлиши, газли ва энергетик ичимликлар, чипс, сухарик ҳамда ортиқча ширинликлар эса чекланиши лозим.

Етарли уйқу ҳам муҳим. Болани бир вақтда ухлаб, бир вақтда туришга одатлантириш, уйқудан олдин телефон ва планшетдан фойдаланишни чеклаш тавсия этилади.

Грипп нега хавфли хасталик дейилади?

Грипп - ўткир ва тез юқувчи касаллик. Унинг асосий манбаи грипп билан оғриган бемор ҳисобланади. Хавф гуруҳига 6 ёшгача бўлган болалар, 65 ёшдан ошган кексалар ва ҳомиладор аёллар киради. Хасталик бурун, томоқ, бронхлар ва айрим ҳолларда ўпкани зарарлайди.

Гриппнинг яширин даври одатда 1–4 кун. Касаллик тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши, йўтал, бош, мушак, томоқ ва бўғимларда оғриқ ҳамда ҳолсизлик билан бошланади. Болаларда оғир ҳолатларда нафас олиш қийинлашиши, иштаҳа йўқолиши, сувсизланиш ва эътибор пасайиши кузатилиши мумкин.

Грипп айрим ҳолларда зотилжам, ўпка абсцесси, ўткир респиратор дистресс синдроми, шунингдек, синусит, отит, менингит ва бошқа жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин.

Гриппга қарши эмланиш эса касалликнинг олдини олиш ва оғир кечиш хавфини камайтиришнинг энг самарали усулларидан биридир. Айниқса, ёш болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар, сурункали касалликлари бор инсонлар ва тиббиёт ходимлари эмланишга алоҳида эътибор қаратиши керак.

Вакцина организмда грипп вирусига қарши ҳимоя шаклланишига ёрдам беради ва касаллик оғир кечиши ҳамда асоратлар ривожланиши хавфини камайтиради. Вакцинадан кейин айрим инсонларда укол қилинган жойда оғриқ, енгил иситма ёки ҳолсизлик кузатилиши мумкин. Одатда, бу белгилар қисқа муддатда ўтиб кетади.

ССВга кўра, эмланишдан олдин оилавий шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Қандай болаларда тез-тез шамоллаш кузатилади?

Боланинг иммунитети она қорнидалигидан шакллана бошлайди. Туғилгандан кейин она сути таркибидаги фойдали моддалар ва ҳимоя омиллари унинг инфекцияларга қарши курашишини қўллаб-қувватлайди. Профилактик эмлашлар ҳам бунда муҳим ўрин тутади.

Агар 3 ёшгача бўлган бола бир йилда 4 мартадан кўп, 3 ёшдан катта бола эса 6 мартадан ортиқ ЎРВИ, грипп ёки бронхит билан касалланса, у тез-тез шамолловчи болалар гуруҳига кириши мумкин. Бундай ҳолатда болани педиатр кўригидан ўтказиб, тез-тез касалланиш сабабини аниқлаш муҳим. Бироқ боланинг тез-тез шамоллаши ҳар доим ҳам иммунитети пастлигини англатмайди. Айниқса, боғчага қатнайдиган болалар янги вируслар билан кўпроқ тўқнашгани учун йил давомида бир неча марта касалланиши мумкин.

Агар касалликлар узоқ давом этса ёки ҳар сафар оғир кечса, боланинг овқатланиши, уйқу режими, жисмоний фаоллиги, эмлаш ҳолати ва сурункали касалликлари шифокор томонидан баҳоланиши лозим.

Бемор болаларни уйда қандай парвариш қилиш керак?

Бурун оқиши ёки битиши, аксириш, йўтал, томоқ оғриғи ва иситма ЎРВИнинг кенг тарқалган белгиларидир. Кўп ҳолларда касаллик енгил кечади ва уй шароитида тўғри парвариш етарли бўлади.

Болага суюқликни оз-оздан, тез-тез ичириш тавсия этилади. Хонани мунтазам шамоллатиш, болани ортиқча иссиқ кийинтирмаслик, бурун битганда эса тузли эритмалардан фойдаланиш мумкин. Болани мажбурлаб овқатлантириш шарт эмас. Унга ёшига мос, енгил ҳазм бўладиган таомлар бериш, чақалоқларни эса тез-тез эмизиш муҳим.

Антибиотиклар вирусли касалликларда фойда берадими?

ЎРВИ - вирусли касаллик. Шу сабабли уни антибиотик билан даволаш мумкин эмас. Антибиотиклар вирусларга эмас, бактерияларга қарши қўлланилади. Уларни ноўрин қабул қилиш ичак дисбактериози, жигарга зарар етказиши ва бошқа ножўя таъсирларга сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳаёт учун хавфли аллергик реакция - анафилактик шок юзага келиш эҳтимоли ҳам бор. Шу сабабли болага шифокор тавсиясисиз антибиотик бериш мумкин эмас.

ЎРВИ пайтида қайси маҳсулотлар истеъмолини чеклаш керак?

Касаллик пайтида ортиқча ширинлик ва шакарли маҳсулотларни чеклаш тавсия этилади. Мева ва сабзавотлардаги табиий шакардан эса қўрқиш шарт эмас. Ситрус меваларини бутунлай тақиқлаш шарт эмас. Аммо улар томоқдаги ноқулайликни кучайтирса, вақтинча чеклаган маъқул.

Сут маҳсулотлари ҳам кўпчилик учун зарарли эмас. Фақат ҳазм билан боғлиқ ноқулайлик кузатилса, уларни вақтинча камайтириш мумкин. Жуда ёғли, қовурилган ва фастфуд маҳсулотлари ўрнига енгил, тўйимли ва осон ҳазм бўладиган таомларни танлаш, етарли суюқлик ичиш муҳим.

Бемор болаларга қандай ҳолатда иситма туширувчи дорилар бериш лозим?

Болада бироз иситма кўтарилиши ота-онани саросимага солмаслиги керак. Хасталик енгил кечаётган бўлса, аксарият ҳолларда болани уйда парвариш қилиш мумкин. 1 ёшгача бўлган болаларда тана ҳарорати 38–38,2, 1 ёшдан ошганларда эса 38,5 даражага етмагунча иситма туширувчи дори бериш тавсия этилмайди.

Иситма пайтида организм суюқлик йўқотгани учун болага тез-тез илиқ сув ва бошқа суюқликлар бериш, уни енгил таомлар билан кам-камдан овқатлантириш лозим.

Қайси ҳолатда шифохонада даволаниш тавсия этилади?

Иситма 38,5 даражадан кўтарилганда болага парацетамол ёки ибупрофен каби иситма туширувчи воситалар бериш тавсия этилади. Агар боланинг аҳволида ижобий ўзгариш бўлмаса, кучли ҳансираш, нафас қисиши, тез-тез нафас олиш, ҳаддан ташқари уйқучанлик, овқат емаслик ёки эммай қўйиш, кучли безовталик кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Бундай ҳолатда пастки нафас йўлларида яллиғланиш ёки бактериал инфекция қўшилган бўлиши мумкин ва беморга шифохона шароитида даволаниш талаб этилиши эҳтимоли бор.

Ота-оналар бемор фарзандлари парваришида энг кўп қайси хатоларга йўл қўяди?

Бола касалланганда айрим нотўғри муолажалар унинг аҳволини оғирлаштириши мумкин. Масалан, томоқни йод, зелёнка ёки бошқа кучли воситалар билан артиш шиллиқ қаватни жароҳатлаши мумкин. Иситмани тушириш учун шифокор тавсиясисиз турли дориларни аралаштириб, укол қилиш ҳам хавфли. Иситма туширувчи дорилар боланинг ёши ва вазнига мос дозада берилиши керак.

Йўтал, астма ёки аллергияси бор бола хонасида исириқ ёки бошқа тутунли воситаларни тутатиш тавсия этилмайди. Тутун нафас йўлларини таъсирлантириб, йўтал ва нафас қисишини кучайтириши мумкин.

Иситмаси бор болани қалин кийим ва кўрпага ўраб ташлаш ҳам нотўғри. Уни енгил, қулай кийимда сақлаш, хона ҳароратини мўътадил тутиш лозим. Касаллик пайтида боланинг иштаҳаси пасайиши табиий. Уни мажбуран овқатлантириш ўрнига етарли суюқликни оз-оздан, тез-тез бериш муҳим. Хонани мунтазам шамоллатиш керак, бироқ болани совуқда ёки елвизакда қолдириш мумкин эмас.

Шамоллаш мавсумида болаларни инфекциялардан ҳимоя қилишда гигиена, тўғри овқатланиш, етарли уйқу, мавсумга мос кийиниш, хоналарни шамоллатиш ва профилактик эмлашлар муҳим аҳамиятга эга. Бола касалланганда эса ўзбошимчалик билан дори беришдан сақланиш, тўғри парвариш қилиш ва хавотирли белгилар пайдо бўлса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш зарур.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends