Қизил империя манқурти Азиз Ҳакимов 4 йилга қамалди
Crime
−
11 August 6168 2 minutes
СССР ғоялари тарғиботи билан шуғулланган Азиз Ҳакимов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 11 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ёпиқ суд мажлиси якунида Азиз Ҳакимовга (1975 йилда туғилган, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) доир жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилган.
Судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 150-моддасида (урушни тарғиб қилиш) назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланган.
Азиз Ҳакимов Жиноят кодекси 139-моддасининг 2-қисмида (туҳмат), 140-моддасининг 2-қисмида (ҳақорат қилиш) ҳамда 156-моддасининг 2-қисмида (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 4 (тўрт) йил, 2 (икки) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жазони ўташ муддати 2025 йилнинг 26 сентябридан ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, суд ҳукм билан Рақамли технологиялар вазирлигига судланувчи томонидан юритилган Telegram мессенжеридаги “Comrade_Aziz” каналини блоклаш мажбурияти юклатилган.
Бундан ташқари, иш бўйича 6 (олти) нафар жабрланувчига ўзларига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш ва судланувчига ҳукмга нисбатан юқори суд инстанциясига шикоят бериш муддати ва тартиблари тушунтирилган.
Маълумот учун, Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқларда совет иттифоқини тиклаш, Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган кенг кўламли ҳужумларни оқлаш ва урушни тарғиб қилиш, миллатлараро низо келтириб чиқарувчи постлари билан бир неча бор жамоатчилик эътирозига учраган.
Қайд этиш жоиз, Азиз Ҳакимов Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига қарши чиқишлар қилган, СССРни ва уни қайта тиклаш ғоясини тарғиб қилган, шунингдек, сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда миллий-озодлик кураши хотирасини қоралаган.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August