“Бизга таҳдид қилиш шарт эмас”. Пашинян КХШТ ва Россия ҳақида кескин гапирди

World

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқариб юборилишидан қўрқмаслигини маълум қилди. У, шунингдек, Ереван позициясини Кикос ҳақидаги арман эртаги сюжети билан изоҳлаган. Бу ҳақда у бугун, 17 сентябрь куни ҳукумат олдида сўзлаган нутқида гапирди.

Никол Пашинян Арманистоннинг КХШТдан чиқариб юборилишидан хавотирда эмаслигини маълум қилган. Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Бош вазир “Кикоснинг ўлими” номли арман эртаги сюжетини эслаб ўтган.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, Ереванга “ташкилотдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилиш керак эмас”. Сиёсатчи Арманистондан “Кикоснинг ўлими” эртагида тасвирланган хулқ-атворга ўхшаш муносабат кутилаётганига эътибор қаратган.

“Шуниси қизиқки, Арманистон айнан мана шундай фикрга эга бўлиши кераклиги бўйича штамплар мавжуд – асосан Кикоснинг ўлими мантиғига кўра: (одам) совчиликка борди, ўғил кўрди, номини Кикос қўйишди, попукли шапка (кийдиришди), бошидан олишди, у тошга йиқилди – вой Кикос, вой ўғлим. Бизнинг фикримиз шундан иборатки, агар бизни чиқариб юбормоқчи бўлишса, чиқариб юборишсин. Агар чиқариб юборишни исташмаса, чиқаришмасин”, дейди Пашинян.

Нашр маълумотларига кўра, “Кикоснинг ўлими” эртагида деҳқон тўнғич қизини булоқдан сув олиб келишга юборади. Қиз булоқ бошида улкан дарахтни кўриб, кунлардан бир кун турмушга чиқишини, Кикос исмли ўғил туғишини, у катта бўлиб ушбу дарахтга чиқишини, йиқилиб тошга урилишини ва ҳалок бўлишини тасаввур қилади. Оқибатда бутун оила ҳали туғилмаган бола учун жаноза маросимини уюштиради ва шундан сўнг яна аввалги ҳаётига қайтади.

Унинг сўзларига кўра, Арманистон ҳеч қачон Россия ҳарбий базаси масаласини ҳам кўтармаган. Шу билан бирга, у база Арманистон хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эмаслигини билдирган.

“Бизга бу ҳарбий база керак эмас. Россия – бизнинг дўст мамлакатимиз. Агар улар уни олиб чиқиб кетмоқчи бўлишса, олиб чиқишсин, эртагаёқ олиб чиқишсин. Агар қолишни исташса, биз Арманистон Республикасида бизга керак бўлмаган базани сақлаб туриш шартларини муҳокама қилишга тайёрмиз”, дейди у.

У бундай позицияни “2022 йил сентябрь воқеалари” билан изоҳлаган. У, шунингдек, яқин вақтгача база мавзуси на арманистонлик ва на россиялик расмий шахслар томонидан ошкора муҳокама қилинмаганини урғулаган.

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Никол Пашинян яқин орада Арманистон ЕИга аъзолик учун ариза топшириш жараёни билан шуғулланишини маълум қилган. Шунингдек, Арманистон ҳукумати раҳбари мамлакатнинг КХШТдан чиқариб юборилиши мумкинлигини истисно этмаган ва бундай ҳолда Ереван ташкилотдан чиқиш масаласини мустақил ҳал қилишига ҳожат қолмаслигини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Арманистонга Гюмридаги Россия ҳарбий базаси керак бўлмаса, Москва ҳарбий объектни эртагаёқ олиб чиқиб кетишга тайёрлигини айтганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends