Биз Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш тарафдоримиз – Рубио

World

−

image

Ҳозирги АҚШ маъмурияти Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш тарафдори. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бугун, 19 октябрь куни Регистон майдонида журналистлар билан суҳбатда сўз очди.

Суҳбатда ундан совуқ уруш давридан қолган ўн йиллик чеклов — Жексон-Вэник тузатиши ҳали ҳам ўз кучида қолаётгани ва нима учун у ҳанузгача бекор қилинмагани сўралган.

“Биласизми, буни Конгрессдан сўраш керак. Биз уни бекор қилиш тарафдоримиз. Конгрессда ҳам уни бекор қилиш тарафдори бўлган кўплаб вакиллар овозлар бор”, дейди Рубио. 

Рубионинг айтишича, Сенатдаги лавозимга тасдиқлаш бўйича эшитувларда ҳам унга шу савол берилган ва у тузатишни бекор қилиш тарафдори эканини айтган.

“Маъмурият ҳам бунинг амалга оширилишини сўраган. Конгресс шунчаки бунга ҳали қўли улгурмади, лекин улар буни амалга оширишади, деб умид қиламиз”, дейди Марко Рубио.

Маълумот учун, Жексон-Вэник тузатиши — 1974 йилда АҚШнинг Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган бўлиб, асосан бозор иқтисодиётига эга бўлмаган ҳамда фуқароларининг эммиграция қилиш (мамлакатни тарк этиш) ва бошқа инсон ҳуқуқларини чеклайдиган давлатларга нисбатан қўлланиладиган чекловчи модда. АҚШ конгрессменлари Генри Жексон ва Чарльз Вэник томонидан таклиф этилган ушбу тузатиш дастлаб Совуқ уруш даврида СССР ва унинг иттифоқчиларидан яҳудийлар ҳамда бошқа озчилик гуруҳларнинг эркин чиқиб кетишига рухсат бериш учун босим ўтказиш механизми сифатида қабул қилинган. Унга кўра, ушбу чеклов остига тушган мамлакатларга АҚШ томонидан “энг кўп қулайлик яратиш тартиби” (савдодаги тенг ҳуқуқлилик ва паст божхона тарифлари) доимий равишда берилмайди, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларидан фойдаланиш чекланади.
Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг бу тузатиш автоматик равишда собиқ иттифоқ таркибидаги мустақил давлатларга, жумладан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам ўтган. Оқибатда гарчи ушбу давлатлар эркин эмиграцияга қўйилган талабларни тўлиқ бажариб келаётган бўлса-да, АҚШ Президенти ҳар йили Конгрессга алоҳида хабарнома юбориб, чекловларни вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлади. Сўнгги йилларда, айниқса “C5+1” ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиши фонида, АҚШ маъмурияти ва бир қатор конгрессменлар ушбу эскирган ва Совуқ урушдан қолган бюрократик тўсиқни Ўзбекистон ва бошқа ҳамкор давлатларга нисбатан батамом бекор қилиш таклифини илгари сурмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends