Қардошлар орасига тушган фитна ёхуд Озарбайжондан Туркияга санкция
Review
−
19:49 1218 6 minutes
Кечагина сиз билан муҳокама қилган Туркия ва Озарбайжон ўртасида мактабларда рўмол ўраш масаласи ортидан юзага келган кескинлик юмшаётганга ўхшайди. Туркиядан янграган танқидларга Бакунинг кескин жавоб қайтариши, Озарбайжоннинг 31 нафар турк фуқаросини номақбул шахслар деб эълон қилиши ортидан Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған биродари, қардоши Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди.
Эрдўған Алиевни Анқарада ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг саммитига таклиф этди. Тўғри, расмий баёнотларда икки давлат раҳбарининг суҳбатида келишмовчиликлар муҳокама қилингани айтилмаган.
Бироқ мулоқотнинг айнан муносабатлар таранглашган бир пайтда бўлиб ўтиши ва Алиевнинг Анқарага таклиф этилиши алоҳида эътиборга молик. Икки қардош президентлар орадаги дилхиралик ва совуқчиликларга барҳам бераётганга ўхшайди.
Биродарлик синовдан ўтди
Кечагина Алиев яхшиликни осон унутдими ёки Озарбайжон-Туркия орасига фитна туширган ким?” сарлавҳаси остида чиқарган кўрсатувимизда Озарбайжон мактабларида рўмол ўраган айрим ўқувчи ва ўқитувчиларнинг дарсларга киритилмагани акс этган видеолар жамоатчилик эътиборини тортгани ҳақида айтгандик. Видеони Ёу Тубе саҳифамизга ўтиб кориб олишингиз мумкин.
Хуллас, Туркияда бу масала диний эркинликка зид деб баҳоланиб, турли жамоатчилик вакиллари Боку маъмуриятининг қарорини танқид қилганди.. Улар орасида «Ениден Рефаҳ» партияси раиси Фотиҳ Эрбоқон ҳам бор эди. У Озарбайжон раҳбариятининг ҳаракатларини кескин танқид қилиб, рўмолга қўйилган чекловларни «қолоқлик, ақлдан ташқари ва виждонга зид» деб атаган. Озарбайжон ҳукмрон партияси вакиллари Туркиядан билдирилган танқидларни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш сифатида баҳолаган, Шундан сўнг Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг 31 нафар фуқаросини номақбул шахслар рўйхатига киритиб, уларнинг мамлакатга киришини тақиқлади.
Рўйхатда “Ениден Рефаҳ Партиси” (“Қайта фаровонлик”) партияси раиси Фотиҳ Эрбоқон, депутат Умар Фарруҳ Гергерлиўғли, собиқ спорт ҳаками Аҳмад Чақар ва журналист Юсуф Қоплон, Аясофиянинг собиқ имоми ва Мармара университети илоҳиёт факултети ўқитувчиси Меҳмет Бўйниқалин ҳам бор. Рўйхат Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди. Санкция қўлланилган шахслар рўйхатида сиёсий, оммавий ахборот воситалари, академик ва диний доиралардаги таниқли шахсларнинг мавжудлиги эътиборни тортади. Рўйхатда Фотиҳ Эрбоқон билан бирга депутат Умар Фарруҳ Гергерлиўғли, Аҳмад Чақар, Меҳмет Бўйниқалин ва бошқа сиёсатчилар, журналистлар ҳамда диний доира вакиллари бор.
Боку қарорга мамлакат суверенитети, хавфсизлиги ва конститутсиявий тузумига қарши қаратилган баёнотларни асос қилиб кўрсатди. Бироқ ҳар бир шахсга нисбатан қўлланган чоранинг аниқ сабаблари алоҳида очиқланмаган. Баёнотда ушбу қарор мамлакат суверенитети, миллий хавфсизлиги ва конститутсиявий тузумни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилингани қайд этилган. Рўйхатга киритилган шахслар ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Озарбайжон суверенитети, конститутсиявий тузуми, халқи ва раҳбариятига қарши қаратилган баёнотлардан фойдаланган.
Ҳужжатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга чақириш, диний радикализм асосида зўравонликни рағбатлантириш ва диний нафрат ва адоватни қўзғатиш каби даъволар қарор қабул қилиш учун асослар сифатида санаб ўтилган. Бироқ, рўйхатда кўрсатилган шахсларнинг айнан қайси бирига ва қандай баёнот ёки хатти-ҳаракати туфайли санксия қўлланилаётгани ҳақида аниқ мисоллар эълон қилинмади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига қарши қаратилган деб ҳисоблаган баёнотларга ва адоватни қўзғатадиган фаолиятга қарши чораларни кўришда давом этишини маълум қилган. Санксия рўйхатига киритилган шахсларнинг асосий қисми сиёсатчилар, дин вакиллари, журналист, ёзувчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари бўлиб, улар орасида Туркиянинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, олим ва муҳандис, мамлакатнинг собиқ Бош вазири (1996–1997) Нажмиддин Эрбоқоннинг ўғли Фотиҳ Эрбоқоннинг борлиги эътиборни тортади. Боиси, Нажмиддин Эрбоқон Ҳукуматга бошчилик қилган даврда ташқи босимларга қарамай, Озарбайжоннинг Қорабоғ масаласи бўйича қатъий позитсиясини билдира олган ва бу борада Бакуни қўллаган саноқли раҳбарлар тоифасига кирган. Озарбайжонда Туркиянинг 31 фуқаросига нисбатан санксия яқинда Бакудаги мактабларда рўмол ўраган ўқувчи ва ўқитувчилар мактабдан четлаштирилиб, дарсларга киритилмаётгани акс этган видеолар ортидан билдирилган муносабат ва танқидларга жавобан қўлланилгани тахмин қилинмоқда. Аммо, расмий Баку буни тасдиқлаганича йўқ.
Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида Озарбайжон мактабларида қизларнинг рўмол ўраб келишига чекловлар киритилгани ҳақидаги хабарларга жавобан, Фотиҳ Эрбоқон Озарбайжон раҳбарияти ва Президент Илҳом Алиев шаънига кескин танқидий баёнот берди. У бу тақиқни "қолоқлик, ақлдан ташқари ва виждонга зид" деб атади. Бу қарор дунё медиасида азал-азалдан бир-бирига ҳар жабҳада елкадош бўлган, стратегик ҳамкорлиги ҳам мустаҳкам бўлган Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги мунодсабатларнинг таранглашаётганига яна бир исбот сифатида баҳоланаётганди.
Бироқ Туркия раҳбарининг кутилмаган қўнғироғи барча тасаввурларни 180 градусга ўзгартириб юборди, гўё.
Эрдўған биринчи қадамни ташлади
21-октябрь куни Эрдўғандан “ўпкалаб юрган” Алиевга телефон қилди. Суҳбатда икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва глобал воқеалар муҳокама қилинди. Туркия Президенти икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни биродарлик ришталарига таянган ҳолда янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Президент Эрдўған суҳбат давомида Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик биродарлик муносабатларидан оладиган куч туфайли янада юқори босқичга олиб чиқилишини таъкидлади. Президентимиз суҳбат чоғида Озарбайжон мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади.
Энг эътиборли жиҳати, Эрдўған Алиевни 29–30-октябрь кунлари Анқарада бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитига ҳам таклиф қилди. Маълумот учун ушбу саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Анқарага бориши кутилмоқда. Албатта, расмий хабарда Эрдўганнинг мазкур таклифи ярашиш ташаббуси сифатида тақдим этилмаган. Шунингдек, икки президентнинг айнан рўмол можароси ёки 31 нафар турк фуқаросига қўйилган тақиқни муҳокама қилгани ҳам маълум эмас. Аммо воқеалар кетма-кетлиги мулоқотнинг сиёсий аҳамиятини оширади. Бундай вазиятда саммитга таклиф оддий дипломатик протокол доирасидаги қадам бўлиш билан бирга, муносабатларни аввалги изига қайтаришга қаратилган ишора сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин.
Эрдўған, эҳтимол, келишмовчиликнинг икки давлат ўртасидаги кенгроқ ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатишига йўл қўймасликни истаётгандир. Чунки Туркия учун Озарбайжон шунчаки қардош мамлакат эмас. Баку Анқаранинг Жанубий Кавказдаги муҳим стратегик ҳамкори, энергетика ва транспорт йўналишларидаги шериги ҳисобланади.
Озарбайжон учун ҳам Туркия билан яқин муносабатлар хавфсизлик, минтақавий таъсир ва халқаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Шу сабабдан бўлса керак рўмол масаласидаги келишмовчиликнинг икки давлат ўртасидаги муносабатларни узоқ муддатга совитиб қўйиши томонларнинг ҳеч бирига фойда келтирмаслигини мамлакат етакчилари ҳам англаб етишётгандир.
Яраш-яраш бўладими?
Ҳозирча Эрдўған ва Алиев ўртасида очиқ шахсий араз ёки келишмовчилик бўлгани тасдиқланмаган. Аммо уларнинг мамлакатлари ўртасида юзага келган сиёсий совуқчиликни инкор этиб бўлмайди. Энди асосий савол — Анқарадаги саммит икки томон учун муносабатларни юмшатиш имкониятига айланадими?
Алиевнинг таклифни қабул қилиши, икки раҳбарнинг юзма-юз учрашуви ва ундан кейинги баёнотлар бу борада муҳим ишоралар бериши мумкин. Эрдўғаннинг телефон қўнғироғи ва саммитга таклифи ҳозирча ярашувнинг якуний натижаси эмас. Лекин бу икки давлат ўртасидаги алоқаларни сақлаб қолиш ва кескинликни юмшатиш учун ташланган муҳим дипломатик қадам бўлиши мумкин.
Энди навбат Бакунинг кейинги қадамларни қандай ташлашида. Анқара билан муносабатлар аввалги илиқлигига қайтиш ёки қайтмаслигини яқин кунлардаги воқеалар кўрсатади ва биз уларни ҳам сизга етказамиз. Воқеалар ривожини кўзатиш учун Қалампир узда қолинг.
Live
All