Андижонда қарийб 2 кг “гашиш”ни 18 минг долларга сотганлар ушланди
Crime
−
12:12 390 1 minute
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида қарийб 2 килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 18 минг долларга сотган икки киши ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари, Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Пахтаобод туманида яшовчи, 1988 ва 1995 йилларда туғилган икки фуқаро 1 килограмм 971 грамм “гашиш”ни шартли харидорга 18 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Қўлга олиш вақтида улар тезкор ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочишга уринган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда чақалоқ кўринишидаги болалар ўйинчоғи ичига “гашиш” яширган 56 ёшли аёл ушланган эди.