Алиевнинг ўрнига саммитга борган Байрамов Эрдўғаннинг қабулида бўлди
World
−
10:42 621 2 minutes
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити доирасида Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовни қабул қилди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев саммитда иштирок этмади. Бу ҳолат икки давлат ўртасида сўнгги ҳафталарда юзага келган дипломатик кескинлик фонида юз берди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Кеча, 30 октябрь куни Анқарада бўлиб ўтган саммитда Озарбайжон номидан Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов қатнашди. Илҳом Алиев эса Туркия Президенти Эрдўғаннинг таклифига қарамай, тадбирга бормаган.
Озарбайжон ОАВлари Алиевнинг саммитда иштирок этмаслигини аввалдан режалаштирилган тадбирлар билан изоҳлаган. Хусусан, Озарбайжон раҳбари шу куни Бакуда бўлиб ўтган FIFA U-15 Жаҳон чемпионатининг ёпилиш ва тақдирлаш маросимида қатнашган.
Бироқ Алиевнинг саммитга бормаслиги Туркия ва Озарбайжон ўртасида сўнгги ҳафталарда юзага келган келишмовчиликлар ортидан содир бўлди. Икки давлат ўртасидаги кескинликка Озарбайжонда мактаб ўқувчиларининг кийиниш тартиби ва рўмол ўрашга қўйилган чекловлар сабаб бўлган.
Туркиялик айрим шахслар Озарбайжон мактабларида жорий этилган ушбу тартибларни танқид қилган. Бунга жавобан Баку маъмурияти танқидларни мамлакат ички ишларига аралашиш сифатида баҳолаган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари сабабли Туркиянинг 31 нафар фуқаросини номақбул шахс деб эълон қилиб, уларнинг мамлакатга киришини тақиқлаган.
Шундан сўнг, Эрдўған Алиев билан телефон орқали гаплашган ва уни Анқарадаги саммитга таклиф қилган. Шунингдек, Туркия Президенти бош маслаҳатчиси Октай Сарал ҳам рўмол можаросидан кейин лавозимини тарк этган.
Эрдўған саммитнинг очилиш маросимидаги нутқида туркий дунёда бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳимлигини таъкидлаган.
“Туркий дунёнинг оилавий суратида бўлиниш, келишмовчилик ва ихтилофларга ўрин йўқ. Барчамиз бир ва ҳамжиҳатмиз, азалдан абадгача, насиб этса, биродармиз”, деган у.
Нашр Эрдўғаннинг бу сўзларини Алиев қатнашмаган саммитда Озарбайжон раҳбариятига қаратилган бирдамлик хабари сифатида талқин қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитида иштирок этмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All30 October