Алиев Зеленскийни қўллаяпти, Кремль ҳозирча миқ этмаяпти
Review
−
12 August 1273 9 minutes
Россия осмонида уриб туширилган йўловчи самолёти, Екатеринбургда сирли тарзда ҳалок бўлган озарбайжонликлар, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг рус дронлари остидаги Киевга сафари. Буларнинг бари бир қарашда алоҳида воқеа бўлиб кўриниши мумкин. Аммо уларни битта чизиққа жойлаштирсак, бутунлай бошқа манзара пайдо бўлаётганини англаш қийин эмас. Бир неча йил олдин Россиянинг Жанубий Кавказдаги энг ишончли ҳамкорларидан бири ҳисобланган Озарбайжоннинг бугун Кремль билан муносабатлари тобора совуқлашиб, унинг душмани Украина апоқ-чапоқ бўлишга уринмоқда. Хўш, нега? Байрамов Киевга шунчаки дипломатик ташриф билан бордими, ёки бу ташриф ортида Москва учун анча хавфли сигнал яширинганми? Россия нега буни оддий ташриф сифатида қабул қилмаяпти? Хўш, Алиев тарафкашлик қиляптими? Яқин дақиқалар ичида шу саволларга жавоб топамиз.
Ҳозирда дунё медиаси томонидан “таранг” дея баҳоланаётган Россия ва Озарбайжон муносабатлари доим ҳам бугунгидек бўлмаган. Аксинча, узоқ йиллар давомида Москва ва Боку ўртасида ўзига хос стратегик мувозанат мавжуд эди. 2020-йилда Иккинчи Қорабоғ урушида Озарбайжон тарихий ғалабага эришган бўлса-да, Россия минтақадаги асосий воситачи мақомини сақлаб қолди. 2022-йилнинг февралида Россия Президенти Владимир Путин ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Иттифоқчилик ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида”ги декларацияни имзолади. Энергетика, транспорт, ҳарбий хавфсизлик ва иқтисодий соҳаларидаги ҳамкорлик янги босқичга ўтди. Россия учун Озарбайжон Жанубий Кавказдаги муҳим таянч эди. Озарбайжон учун эса Россия билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш зарурат эди. Бир томондан Туркия, иккинчи томондан Россия, учинчи томондан Ғарб. Алиев айнан мана шу 3 куч орасида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилди. Ҳатто 2022-йилнинг февралида Россия Украинага бостириб кирганидан кейин ҳам Боку Москвага қарши санкцияларга қўшилмади. Россияни очиқ танқид ҳам қилмади. Шу сабаб кўплаб экспертлар Озарбайжонни Кремлнинг постсовет ҳудудидаги энг муҳим шерикларидан бири сифатида кўришда давом этди. Аммо бу муносабатлар узоққа бормади.
Ўртага совуқчилик солган самолёт
2024-йилнинг 25-декабрида Боку-Грозний йўналишида учаётган AZAL Embraer-190 самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учради ва оқибатда 38 киши ҳалок бўлди. Дастлаб учоқнинг ҳалокатига қушлар тўдаси, техник носозлик, кислород баллонининг портлаши сабаб бўлгани важ қилиб кўрсатилган эди. Аммо орадан кўп ўтмай самолёт фюзеляжидаги тешиклар акс этган суратлар ва видеолар интернетда тарқала бошлади. Бу тешиклар оддий авария изларига эмас, балки ташқи зарба оқибатига ўхшаши сезилиб турарди.
Озарбайжон томони текширув давомида самолётга "ташқи физик ва техник аралашув" бўлганини маълум қилди. Ғарб нашрлари ва айрим таҳлилчилар самолёт Россия ҳаво мудофаа кучлари томонидан Украина дрони билан адаштириб уриб туширилган бўлиши мумкинлигини ёзди. Кремль эса узоқ вақт давомида тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олмади ва Путин ҳалокат сабаб шунчаки Алиевга ҳамдардлик билдириб қўя қолди. Аммо Боку кутаётган нарса ҳамдардлик эмас эди. Улар айбдорлар аниқланишини, ҳеч кимнинг тинчини бузмаган учоққа қилинган ҳужумни халқаро даражада расман тан олиб, компенсация тўланишини қаттиқ истади. Гап оддий самолёт ҳалокати ҳақида эмас эди-да, гап давлат шаъни ҳақида кетаётганди. Алиев озарбайжонликлар олдида Россияга нисбатан сукут сақлай олмасди. Айнан шу воқеа Москва ва Боку ўртасидаги ишончни жиддий даражада емира бошлади. Аммо бу мамлакатлар орасидаги зиддиятнинг бошланиши эди, холос. Орадан кўп ўтмай икки давлат муносабатларини янада оғирлаштирган янги воқеа юз берди.
Екатеринбургдаги рейд
AZAL самолёти ҳалокати ортидан Россия ва Озарбайжон ўртасидаги ишончга жиддий дарз кетди. Аммо Кремль бу инқирозни дипломатик йўл билан юмшатиши мумкин эди. Бироқ орадан ярим йил ҳам ўтмай содир бўлган яна бир воқеа вазиятни бутунлай бошқа босқичга олиб чиқди. Бу сафар гап самолёт ҳақида эмас эди. Гап бутун бошли озар миллатининг кишилари ҳақида эди. Ва айнан шу воқеа Озарбайжон жамиятида Россияга нисбатан йиллар давомида йиғилиб келган норозиликни юзага чиқарди. 2025-йил июнь ойи охирида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида хавфсизлик кучлари озарбайжонликларга қарши кенг кўламли рейд ўтказди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу амалиётни 2000-йиллар бошида содир этилган оғир жиноятлар бўйича тергов билан изоҳлади. Аммо рейд якуни Боку кутганидан анча даҳшатли бўлди. Икки нафар озарбайжонлик ҳибс вақтида вафот этди. Россия расмийлари улардан бири юрак хуружидан вафот этганини маълум қилди. Аммо Озарбайжон бунга ишонмади. Бокуда ўтказилган экспертизалар марҳумларнинг танасида зўравонлик аломатлари борлигини исботлади. Сўнг Боку бу ҳодисани "ваҳшиёна қотиллик" деб атади ва Россиядан тўлиқ тергов талаб қилди. Бу энди оддий дипломатик норозилик эмас эди. Алиев ҳукумати Россияга нисбатан сўнгги йиллардаги энг кескин жавоб чораларини ишга солди. Аввало, Россиянинг Бокудаги маданий тадбирлари бекор қилинди. Россия расмий делегацияларининг ташрифлари музлатилди. Парламентлараро учрашувлар бекор қилинди. Шундан сўнг Озарбайжон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Россиянинг давлат медиа тармоғи Sputnik Azerbaijan офисида рейд ўтказди ва унинг раҳбарларини қўлга олди. Бу эса Москва учун жуда оғриқли сигнал эди. Чунки Кремль постсовет ҳудудида ўзининг ахборот тармоқларига тегилишини деярли ҳар доим сиёсий ҳужум сифатида қабул қилиб келган. Россия бунга жавобан Бокуни вазиятни сунъий равишда кескинлаштиришда айблади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Озарбайжоннинг жавоб чораларини "ҳаддан ташқари кескин" деб баҳолаб, бундай ҳаракатлар икки давлат манфаатларига мос келмаслигини айтди. Аммо бу сафар Боку ортга чекинмади.
Алиев нега бу сафар жим турмади?
Дунё сиёсатчилари билан солиштирганда Илҳом Алиевнинг бутун ташқи сиёсати куч марказлари ўртасида мувозанатни сақлашга қурилганини кўриш мумкин. Шундай экан, нега айнан энди у Кремлга нисбатан бунчалик қатъий позицияни эгаллади деган савол туғилади. Бунинг бир нечта сабаби бор.
Биринчидан, AZAL самолёти ҳалокати бўйича Москванинг тўлиқ жавобгарликни тан олмагани Бокуни қаттиқ ранжитди. Иккинчидан, Екатеринбургдаги воқеалар бу ишончсизликни янада чуқурлаштирди. Учинчидан эса Россиянинг Украинадаги уруши туфайли Кремлнинг Жанубий Кавказдаги таъсири аввалгидек кучли эмаслиги тобора яққол кўрина бошлади. Бугун Россиянинг асосий ҳарбий ва сиёсий ресурслари Украинага йўналтирилган. Бу эса Алиевга илгари бўлмаган даражада мустақил ташқи сиёсат юритиш имкониятини берди. Кўплаб халқаро таҳлилчилар айнан шу даврни Россия ва Озарбайжон муносабатларидаги энг чуқур инқирозлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Яқинда, 6 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Киевда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовни қабул қилганидан хабардор бўлсангиз керак. Россия билан муносабатлар совуқлашаётган бир пайтда Байрамовнинг айнан Киевга бориши тасодиф эмас эди ҳар холда. Чунки уруш давом этаётган давлатга ташриф буюришни сиёсий “юриш” деб ҳам ҳисоблаш мумкин. Айниқса, бу давлат Россия билан уришаётган Украина бўлса.
Байрамов Киевга бориши билан Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига билан учрашди. Сўнг Ирпин шаҳридаги Озарбайжон маблағлари ҳисобидан тикланган мактаб, шифохона ва реабилитация марказларини кўздан кечирди. Аммо энг муҳим учрашув Владимир Зеленский билан бўлди. Расмий баёнотларда энергетика, мудофаа, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий ҳамкорлик муҳокама қилингани айтилмоқда. Аммо Байрамовнинг Киевга юборилиши орқали Боку бир вақтнинг ўзида Москва томонга ҳам бир нечта сигнал юборди. Бу ташриф орқали Озарбайжон яна бир бор Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди. Яъни, Озарбайжон бу позицияси билан Россия бизники дея даъво қилиб, уришаётган Домбас аслида Украинаники эканлигини тасдиқлаб қўйди ва бу билан қайсидир маънода Озарбайжон “ўз тарафи”ни белгилади. Тарихга қарайдиган бўлсак, Озарбайжон ва Украинанинг тақдири бир-бириникига ўхшаб кетади. Йиллар давомида Боку бутун дунёдан Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олишни талаб қилиб келди. Бугун эса худди шу қисмат Украина билан ҳам такрорланмоқда. Озарбайжон эса бу йўлни босиб ўтган “тажрибали” давлат сифатида Украинага ҳам йўл-йўриқ кўрсатмоқда. Буни Алиевнинг жорий йил 13 июль куни “IV Shusha Global mediaforum”i доирасида украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг Украинага ҳамда Путинга қандай маслаҳатлар бериши ҳақидаги саволига берган жавоби ҳам исботлади:
“Украина халқи ва мамлакат раҳбарияти маслаҳатларга муҳтож эмас. Украина ҳеч қачон истилога рози бўлмаслиги керак ва Киев бугун айнан шундай позицияда турибди”, деган Алиев.
Ғарб учун янги энергетик ҳамкор ким?
Бугунги дунёда энергетика геосиёсатнинг энг муҳим қуролларидан бири ҳисобланади. 2022-йилдан буён Россия газидан воз кечишга уринаётган Европа янги етказиб берувчилар изламоқда. Мазкур жараёнда АҚШ, Норвегия каби давлатлар билан бир қаторда Озарбайжоннинг аҳамияти ҳам кескин ошмоқда.
Бугунги кунда Жанубий газ коридори орқали Озарбайжон газни Туркия орқали Европага етказиб беряпти ва шу орқали Европа аста-секин рус нефтини диверсификация қила олмоқда. Демак, Боку нафақат ҳарбий ёки сиёсий, балки энергетик жиҳатдан ҳам Ғарб учун муҳим ҳамкорга айланмоқда.
Байрамовнинг Киев сафари айнан мана шу янги геосиёсий вазият фонида амалга оширилди. Яъни Озарбайжон Ғарбга “биз Россиянинг мутлақ иттифоқчиси эмасмиз”, деган сигнални бермоқда. Украина учун Байрамовнинг Киевга ташрифи рамзий ғалаба ҳам бўлди дейиш мумкин. Сабаби Россия узоқ вақт постсовет давлатларини ўзининг табиий таъсир зонаси деб билиб келган. Бугун эса ана шу ҳудуддаги энг муҳим давлатлардан бири Украина билан стратегик ҳамкорликни кучайтирмоқда. Бундан ташқари Озарбайжон Украинага уруш бошидан бери инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келмоқда. Энергетика инфратузилмаси учун трансформаторлар, генераторлар, тиббиёт учун дори-дармонлар етказиб берди. Ирпиндаги қайта тикланган объектлар ҳам айнан шу сиёсатнинг маҳсули эди. Бу ёрдам ҳарбий ёрдам бўлмаса ҳам, уруш шароитида стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.
Россия нега бундан хавотирда?
Россия ҳам ушбу ташрифдан хавотирга тушмоқда. Муаммо фақат Украинада эмас. Масала анча кенг. Россия Совет Иттифоқи парчалангандан буён Кавказни ўзининг геосиёсий хавфсизлик камарларидан бири деб ҳисоблаб келади. Бугун эса бу камар аста-секин қўлдан кетмоқда. Арманистон Ғарб билан яқинлашмоқда. Грузия Россия билан мураккаб муносабатларни сақлаб турибди. Энди эса Озарбайжон ҳам тобора мустақил сиёсат юрита бошлади. Кремли учун энг хавфли жиҳат ҳам айнан шу. Шу сабаб Байрамовнинг Киев сафари Москвада оддий ташриф сифатида эмас, балки Россиянинг постсовет ҳудудидаги таъсири заифлашаётганининг яна бир белгиси сифатида қабул қилинди. Хуллас, Озарбайжон ҳали Россиядан бутунлай юз ўгирганини айтиш қийин. Боку ҳамон Москва билан иқтисодий, транспорт ва хавфсизлик соҳаларида муҳим алоқаларни сақлаб қолмоқда. Бироқ сўнгги воқеалар шуни кўрсатадики, Алиев аввалгидек Кремль манфаатларини инобатга олувчи эҳтиёткор сиёсат билан чекланиб қолишни истамаяпти. AZAL самолёти ҳалокати, Екатеринбургдаги рейдлар ва Москванинг бу воқеаларга муносабати Озарбайжон жамиятида ҳам, сиёсий элитасида ҳам Россияга бўлган ишончни сезиларли даражада заифлаштирди. Бу ташриф орқали Боку нафақат Украинага нисбатан позициясини намойиш этди, балки дунёга Озарбайжон мустақил ташқи сиёсат юритишга тайёр эканини ҳам кўрсатди.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August