АҚШда парвозларнинг тўхтаб қолишига нима сабаб бўлгани айтилди
World
−
08:33 284 2 minutes
АҚШ авиация тизимида қарийб беш соат давом этган узилиш ва 20 мингдан ортиқ рейснинг кечикиши ёки бекор қилинишига давлат пудратчиси L3Harris ўрнатган роутер сабаб бўлган бўлиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, янги қурилма бошқа роутерларга ҳаддан ташқари кўп уланиш сўровларини юбориб, алоқа тизимига ортиқча юклама туширган. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.
Ҳодиса жорий йилнинг 13 ноябрь куни юз берган. АҚШ Федерал авиация бошқармаси мамлакат бўйлаб парвозларни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган. Муаммо мамлакатдаги 22 та парвозларни бошқариш марказидан 17 тасида кузатилган.
АҚШ Транспорт вазири Шон Даффининг айтишича, L3Harris компанияси эски мис симли алоқа линияларини оптик толали тизимга алмаштириш бўйича режали техник ишларни олиб бораётган бўлган. Муаммолар Арканзас ва Техас штатларидаги объектларга ўрнатилган роутерлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Даффининг тушунтиришича, янги роутерлар ҳар 4–5 сонияда бошқа қурилмаларга 1 000 дан ортиқ уланиш сўровларини юборган. Бу эса АҚШ Федерал авиация бошқармаси марказларида самолётлар ва радарлар билан боғлиқ маълумотлар алмашинувида муаммоларни келтириб чиқарган.
Ҳозирча носозлик роутерларнинг ўзидаги нуқсон сабабли юз берганми ёки уларни ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнида хатога йўл қўйилганми, аниқланмаган. Даффи компания вакиллари билан биргаликда бунинг сабабини ўрганиш давом этаётганини билдирган.
L3Harris компанияси ҳодисани жиддий қабул қилаётганини ва текширувда АҚШ Федерал авиация бошқармасига ёрдам бераётганини маълум қилган. Компания эски мис симли алоқа тизимини оптик толали тармоққа ўтказиш бўйича режалаштирилган ишларнинг 70 фоиздан ортиғини бажарган.
Маълум қилинишича, муаммо юзага келган роутерлар қарийб 25 йилдан бери ишлатилган. Уларни 2006 йилдаёқ алмаштириш режалаштирилган эди. АҚШ Федерал авиация бошқармаси эса эскирган алоқа тизимларини янгилаш учун йилига 1 миллиард доллар сарфлайди.
Маълумот учун, АҚШ авиация тизимида бундай йирик узилишлар аввал ҳам кузатилган. 2023 йилда давлат пудратчиларидан бири файлларни тасодифан ўчириб юбориши оқибатида мамлакат бўйлаб парвозлар 90 дақиқага тўхтатилган ва 11 мингта рейсга таъсир кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси (FFA) кеча, 13 ноябрь куни кечаси минглаб рейслар ишини издан чиқарган ва турли штатлардаги юз минглаб йўловчиларга таъсир кўрсатган тўрт соатлик тўхталишдан сўнг парвозларга қўйилган умуммиллий тақиқни бекор қилган эди.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November