АҚШда круиз кемаси танкер билан тўқнашиб, чўкиб кетди

World

−

image

АҚШнинг Нью-Орлеан шаҳрида Миссисипи дарёсида танкер кемаси бандаргоҳда турган круиз кемаси билан тўқнашди. Тўқнашув оқибатида йўловчи кемаси ағдарилиб, чўкиб кетди. Ҳодиса вақтида ўнлаб йўловчилар сувга тушиб кетди, 32 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 13 ноябрь куни туш пайтида юз берган. Нью-Орлеан мэри Ҳелена Морено матбуот анжуманида “Atlantic Asphalt” танкери бошқарувни йўқотиб, бандаргоҳда турган “American Cruise Lines” компаниясига тегишли “American Heritage” йўловчи кемасига урилганини маълум қилган.

Тўқнашувдан кейин круиз кемаси сувга бота бошлаган. Йўловчилар кемани тарк этишга шошилган, бироқ у охир-оқибат ағдарилиб, Миссисипи дарёсига чўкиб кетган. Бу вақтда ўнлаб одамлар сувга тушиб кетган.

Мэрнинг айтишича, ҳодиса вақтида кемада тахминан 180–190 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган. Улардан 32 нафари шифохонага ётқизилган. Бироқ ҳеч бирининг аҳволи оғир эмас. Морено воқеа оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини “Миссисипидаги мўъжиза” деб атаган.

Нью-Орлеан порт полицияси бошлиғи Мелани Монтроллнинг маълум қилишича, кема ағдарилишидан олдин 87 нафар йўловчи ундан тушишга улгурган. Қолганларни қутқаришда порт хизмати ходимлари, ўт ўчирувчилар ва яқин атрофдаги бошқа кемаларда бўлган одамлар иштирок этган.

АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати тўқнашувдан кейин ҳодиса юз берган ҳудудда дарё транспорти ҳаракати тўхтатилганини билдирган.

Соҳил қўриқлаш хизмати капитани Мелани Бёрнҳемнинг айтишича, дастлабки тахминларга кўра, танкерда бошқарув тизими билан боғлиқ носозлик юз берган бўлиши мумкин. Бироқ тўқнашувнинг аниқ сабаби ҳозирча аниқланмаган, ҳолат юзасидан тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳурмуз бўғози яқинида сўнгги 24 соат ичида снаряд ҳужумига учраган иккита кема чўкиб кетганди. Ҳодисалардан бирида экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлган, иккинчи кемадаги 21 нафар экипаж аъзоси эса қутқариб қолинган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends