АҚШ Украинага 500 та Patriot ракетасини сотишни маъқуллади

World

−

image

АҚШ Украинага 500 дона Patriot PAC-3 ракетасини 2,1 миллиард долларга сотишни маъқуллади. Бироқ, ракеталар ҳали ишлаб чиқарилмагани сабабли уларни етказиб бериш 2030 йилларга қолиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ Давлат департаменти кеча, 30 октябрь куни келишувни тасдиқлаган.

Украина Россиянинг ракета ҳужумларини қайтариш учун кўпроқ тутиб қолувчи ракеталарга зудлик билан эҳтиёж сезмоқда. Patriot тизими, хусусан, юқори тезликда ҳаракатланувчи баллистик ракеталарни уриб туширишда самарали воситалардан бири ҳисобланади.

Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг 27 октябрь куни Киев АҚШнинг муҳим ракеталарни етказиб беришга рухсат беришини қарийб бир ойдан бери кутаётганини билдирган. Бу вақтда Россия Украина энергетика ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларини кучайтирган.

“Reuters“ билан суҳбатлашган манбаларга кўра, Украина ракеталарни тезроқ олиш учун Пентагон билан музокара олиб бормоқда. Бунда АҚШ захирасидаги мавжуд ракеталарни Украинага бериш, кейинчалик уларнинг ўрнини янги ишлаб чиқарилган ракеталар билан тўлдириш варианти кўриб чиқилиши мумкин.

Ракеталар Канада, Германия ва Норвегия ажратадиган маблағлар, шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланадиган Украина учун кредит маблағлари ҳисобидан сотиб олинади. Етказиб бериш бўйича асосий пудратчи АҚШнинг Lockheed Martin компанияси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазиятдан хабардор манба Украинада АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар тугаганини маълум қилган эди.

Украинада бундай ракеталар биринчи марта тугаб қолаётгани йўқ. Август ойида Зеленский CNN’га мамлакат зудлик билан зарур бўлган Patriot ракеталарининг атиги ўндан бир қисмига эга эканини айтганди. Ўша пайтда Украина расмийлари ҳам ракеталар захираси деярли тугаганини маълум қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends