АҚШ Россиядан Европа билан янги хавфсизлик келишуви бўйича таклиф киритишни сўради

World

−

image

АҚШ махсус вакиллари Россиядан Европа билан келажакдаги хавфсизлик келишуви бўйича янги таклиф тайёрлашни сўради. Унда Москванинг хавфсизлик борасидаги талаблари ва хавотирлари, шунингдек, Европа билан муносабатлардаги кескинликни камайтириш учун қандай чоралар кўришга тайёрлиги акс этиши керак. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Axios” хабар берди.

Манбаларга кўра, АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер жорий йилнинг 10–11-ноябрь кунлари Абу-Дабида ўтган Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги музокараларда бу таклифни илгари сурган.

Вашингтон Москвадан хавфсизлик соҳасидаги хавотирлари ва талабларини баён этиш билан бирга, Россия кескинликни пасайтириш ҳамда Европага ҳужум қилмаслик кафолатларини бериш учун қандай “симметрик қадамлар” ташлашга тайёрлигини ҳам кўрсатишни сўраган.

Оқ уй позициясидан хабардор манбанинг айтишича, Трамп маъмурияти Европада янги хавфсизлик тизимини яратиш ва Россия-Украина тинчлик келишуви бўйича музокараларни бир вақтда олиб боришни истамоқда. Бироқ хавфсизлик бўйича келишувларни амалга ошириш Украинадаги урушни тўхтатиш ҳақидаги битим тузилганидан кейингина бошланади.

Манба Украина Президенти Владимир Зеленский хавфсизлик кафолатлари масаласига аниқлик киритилмагунча келишувга рози бўлмаслигини, Россия раҳбари Владимир Путин ҳам бу масала бўйича кейинги жараён қандай кечишини билишни исташини билдирган.

Шунингдек, АҚШ Европа ва Украинанинг розилигисиз Россия билан хавфсизлик келишувини тузмаслиги, Москванинг Европадаги хавфсизлик масалаларига оид қарорлар устидан вето ҳуқуқига эга бўлишига йўл қўймаслиги айтилган.

Абу-Дабидаги музокаралар якунида Жаред Кушнер Стив Уиткофф билан Москвага боришини маълум қилган. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, АҚШ вакиллари бугун, 12 ноябрь куни Москвага боради ва Владимир Путин билан куннинг биринчи ярмида учрашади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 ноябрь куни Абу-Дабида Украина урушига барҳам бериш бўйича Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг иккинчи куни якунланган эди. Учрашув қарийб икки соат давом этган, шунингдек, музокаралар тўлиқ ёпиқ форматда ўтган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends