АҚШ Эронга яширинча зарба берди – WSJ
World
−
11:07 1559 2 minutes
АҚШ Эроннинг жанубий қирғоғи яқинида жойлашган Кешм оролига зарба берди. Америка томони сўнгги бир неча ой давомида Эронга кичик ҳужумларни яширин равишда амалга ошириб келаётгани, бироқ уларни расман тасдиқламаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, бу галги зарбалар Ҳормуз бўғозида кемаларга қарата ракета учириш нуқталарига йўналтирилган.
“Axios” журналисти Барак Равиднинг ёзишича, кеча, 2 ноябрь куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Кешм оролидан Ҳормуз бўғозида бўлган АҚШ самолётига қарата ракета учирган. Бунга жавобан Америка қирувчи самолёти ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ердан ҳавога ракета учирувчи қурилмани йўқ қилган. Бу ҳақда журналистга америкалик расмий маълум қилган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 2 ноябрь куни Эрон билан уруш қайта бошланиши эҳтимолини рад этган эди.
“Биз Эрон билан уруш олиб бордик. Биз ғалаба қозондик. Буни ҳатто уруш деб аташ мумкинми ёки йўқми, билмайман, чунки бир неча ойдан бери жанг қилмаяпмиз”, деган Трамп.
Маълумот учун, АҚШ Марказий қўмондонлиги сўнгги бор 1 сентябрь куни Эронга зарба берилганини расман эълон қилган. Ўшанда Америка қўшинлари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси инфратузилмаси, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа объектлари, радиолокация тизимлари, денгиз иншоотлари ва алоқа воситаларига зарба берган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда зарбалардан бири мамлакат жанубидаги Ҳурмузгон вилоятида тўй маросими ўтказилаётган жойга текканини билдирган. Вилоят губернатори ўринбосари Аҳмад Нафисий камида икки киши ҳалок бўлгани, 50 дан ортиқ одам жароҳатланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 31 октябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали Эрон билан олиб борилаётган музокаралар ва ҳарбий ҳаракатларни қачон қайта бошлаш масаласи юзасидан мулоқот ўтказган эди. Манбалар маълумотларига кўра, Нетаньяху Трампни бугун, 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан кейин дарҳол Эронга зарба беришга ундамоқда.
Live
AllSuyultirilgan gaz narxi 15 – noyabrdan oshadi
02 November