АҚШ айрим қурилмалардаги реклама кузатув тизимларини ўчириб қўйди

World

image

АҚШ ҳарбийлари Яқин Шарқдаги америкалик ҳарбийларни нишонга олишда тижорат орқали сотиладиган геолокация маълумотларидан фойдаланиш хавфи ортиб бораётгани сабабли айрим телефон ва компьютерлардаги реклама кузатув тизимларини ўчирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Гап мобил реклама идентификаторлари (MAID) ҳақида бормоқда. Ушбу идентификаторлар реклама компанияларига қурилмалар ҳаракатини кузатиш ва фойдаланувчиларнинг жойлашуви ҳақида маълумот тўплаш имконини беради.

“Reuters” маълумотларига кўра, АҚШ Ҳаво кучлари, Қуруқликдаги қўшинлар ва Махсус операциялар қўмондонлиги давлатга тегишли Windows компьютерлари ва мобиль қурилмаларда бундай кузатув воситаларини блоклаган.

Бу чоралар АҚШ сенатори Рон Уайден томонидан эълон қилинган расмий хатлар орқали маълум бўлган. Уайден Пентагонни ҳарбий хизматчиларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотлардан душманлар фойдаланиши эҳтимолига қарши кўрилаётган чораларни кучайтиришга чақирмоқда.

АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари Windows қурилмаларидаги реклама идентификаторлари 2021 йилдан аввалроқ блокланганини маълум қилди. Мобиль қурилмаларда эса бу функцияни стандарт тарзда ўчириш 2026 йил февраль ойидан бошланган.

АҚШ Ҳаво кучлари Уайденга реклама идентификаторларини компьютер ва мобиль телефонларда икки ой олдин ўчирганини билдирган. Махсус операциялар қўмондонлиги эса Windows қурилмаларида ушбу идентификаторларни “яқинда” блоклаганини айтган.

Бундай чоралар тижорат маълумотлари брокерлари томонидан йиғиладиган ва кейин учинчи томонларга сотиладиган геолокация маълумотлари билан боғлиқ хавфлар кучайган бир пайтда кўрилмоқда. Бундай маълумотлар муайян қурилма ёки унинг эгасининг қаерда эканини аниқлаш учун ишлатилиши мумкин.

Уайденнинг таъкидлашича, АҚШ ҳарбийлари томонидан кўрилган чоралар ижобий қадам бўлса-да, мавжуд ҳимоя механизмлари ҳали етарли эмас. У Пентагондан ҳарбий хизматчиларни геолокация маълумотлари орқали кузатиш ва нишонга олишнинг бошқа усуллари ҳам мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишни сўраган.

Махфийлик ва киберхавфсизлик бўйича экспертлар ҳам реклама идентификаторларини ўчириш ҳарбийларнинг жойлашувини ошкор қилиш хавфини камайтиришини тан олган. Бироқ улар бу ягона кузатув усули эмаслигини, бошқа технологиялар орқали ҳам қурилмалар ҳаракатини аниқлаш мумкинлигидан огоҳлантирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends