5-ўрин, ўнлаб медаллар ва тантана: Спортчилар қандай кутиб олинди?

Review

−

Reklama
0:00

Жорий йилнинг 5 октябрь тонгида Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида ўтказилган 20-Осиё ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Осиёда медал жамғариш бўйича кучли бешликдан ўрин олган спортчиларимизни шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг делегацияси кутиб олди.

396 нафар спортчимиз учун махсус қизил йўлак ташкил этилди. Шундан сўнг, байрамнинг расмий қисмида Бош вазир Абдулла Арипов Президентнинг спортчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Расмий жараёнлар якунлангач, ўзи 10 соатга яқин давом этган парвозда чарчаган спортчиларимизни биз ҳам тинч қўймадик ва улардан айримлари билан қисқа суҳбатлар ўтказдик.

Мухбир: Шоҳсупага чиқиб, Ўзбекистон мадҳияси сиз сабаб янграётганда ичингиздан нималар ўтди?

“Ассалому алайкум. Шоҳсупага чиқиб, Ўзбекистон мадҳияси янграши – ҳар бир спортчининг энг катта мақсадларидан бири. Чунки ҳар бир спортчи чемпион бўлишни орзу қилиб, спортга кириб келади.Бу туйғуни сўз билан таърифлаш жуда қийин. Чунки шоҳсупада биринчи ўринда турганингизда, ортингизда юртимиз, халқимиз, аввало, муҳтарам Президентимиз, байроғимиз туради. Бу жуда катта шараф ва ғурур. Ҳаяжон билан бирга қалбингизни қандайдир хотиржамлик ҳам эгаллайди”, дейди бокс бўйича 20-Осиё ўйинлари чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев.

Аралаш жанг санъати (ММА) йўналишида кумуш медални қўлга киритган спортчимиз Ҳилола Собирова ҳам ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.

“Бизнинг спорт туримиз Осиё ўйинларида илк бор иштирок этди. Медаль тақилаётганда, айниқса, биринчи ўрин бўлса, бу алоҳида бахт. Лекин шу медални олишга ҳам анча меҳнатим сингди. Аллоҳга шукур.Ўша пайтда шунча қилган меҳнатларингиз, оғир машғулотларингиз, қилган дуоларингиз, ортингизда турган ота-онангиз, халқимиз ва Ватанимиз, шунингдек, устозларимизнинг меҳнатлари кўз олдимизга келади. Ана шунда қилган меҳнатингизни оқлаганингизни ҳис қилиб, ўзингиздан-ўзингиз фахрланиб, шукр этасиз. Ватанимиз байроғини бошқа давлатларда, шунча мамлакатлар ичида кўкларга кўтарганингиздан ўзингиздан фахрланиш ҳисси келади”, дейди у.

Бокс бўйича икки карра Осиё ўйинлари чемпиони Абдумалик Ҳалоков ҳам ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.

“Президентимиз томонидан яратиб берилган шароитларга муносиб жавоб берганимдан фахрланаман ва ғурурланаман. Мадҳиямиз янграганда буни янада чуқурроқ ҳис қиласиз. Делегациямизга олтин медаль қўшиш – мен учун катта бахт ва шараф.Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Ҳозир икки карра Осиё ўйинлари чемпиони бўлган бўлсак, бундан кейин ҳам янги ғалабалар сари интиламиз. Худо хоҳласа, Олимпиада ўйинларида ҳам икки карра Олимпиада чемпиони бўлиб, халқимизни, Президентимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Мухбир: Энг катта мотивацияни кимлар бериб турди?

Энг катта мотивацияни, албатта, ота-она ва оила беради. Мен учун энг катта куч ва рағбат ҳам шулар”, дейди бокс бўйича икки карра Осиё ўйинлари чемпиони Абдумалик Ҳалоков.

Ўзбекистон терма жамоаси бу галги Осиё ўйинларида 400 га яқин спортчи билан 42 та спорт йўналишида қатнашди ва 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий 70 та медалга эга чиқишди. Бу эса терма жамоамизни медаллар жамғариш бўйича 45 та давлат ичида кучли бешталикда мусобақани якунлашига етарли бўлди.

Умид Сулаймонов


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends